Get Mystery Box with random crypto!

​​#нимадир. Синфхонада мусиқа қўйиб беҳаё рақс тушган қизлар | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#нимадир.

Синфхонада мусиқа қўйиб беҳаё рақс тушган қизларнинг устозлари ҳайфсан берилиб ишдан олинибди...

Ота онасига эса маъмурий баённома тузилибди.

Оналардан бири "ҳа энди рақс тушса тушибди, шуни суратга олиб интернетга тарқатган одамга чора кўрингларда!" деб арзхонлик қиляпти.

Ҳозиргина тармоқда шу лавҳани кўрдим. Мени ўйлантирган саволлар ўша-ўша! Нега бизда бир нарса бўлса дарров устозларга чора кўрилади?

Ўқитувчи ўрнига талабгорлар кўп бўлгани учунми? Ёки мен билмаган, тушунмаган бошқа сабаб борми?

Устоз дегани бутун инсониятдан устун, ўзгача қобилиятга эга, ўзи мавжуд бўлмаган нуқталарда ҳам нима бўлаётганини сезадиган, кўрадиган, ҳар қандай нохуш жараённи тўхтатишга қодир "сверхчеловек" эмас-ку!

Ё шунақами?!

Нега бу вазиятда у ишсиз қолиши керак?

Тарбиясига жавобгар бўлгани учун шундай, дерсиз, балки? Ғалати-ку! Нега унга "сверхчеловек" ларга юклатилгандек масъулият юклаб қўйилган?

Тирақи бузоқ қаерда тириллатишини ўқитувчи зоти олдиндан билади деб ўйлашармикан-а?

Ҳамма билади: агар маҳсулот брак бўлса, бунга биринчи ўринда завод жавобгар бўлади. Фарзанд ҳам юз фоиз албатта ота-онанинг маҳсулоти! Таълим тарбиянинг асосий қисми у туғилиб ўсган оиладан берилади.

Фикримча, фақат оналаргина қизчасига эркаклар олдида қандай ўтиришни, ўзини қандай тутишни ўргатади ва ўзи бу борада намуна кўрсатади.

"Тарвайиб ётма, отанг келди!" деб насиҳат қилади. Ўзида тарбия бўлмаса, унга қўшилиб ёнида тарвайиб ётаверади.

Баъзи иллатлар, баъзи хулқлар қонда бўлади деймиз. "Онасини кўриб қизини ол!" деган мақол ҳам бежиз эмас, аслида.

Бировнинг фарзандини йўлга соламан деб жонини жабборга бераётган устозга бунақа бор масъулиятни юклаб қўйиш- нотўғри деб ўйлайман!

Устози гапирса, "бор йўқол!" деб шарт деразадан сакраб, қочиб кетаётган, эркак устоз билан қўлма қўл олишиб, уни ҳамманинг олдида беҳурмат қилаётган қизларни ҳам кўряпмиз. Уларни уриб бўлмаса, яхши гапириб йўлга солиб бўлмаса, нима қилиш керак?

Иккинчи қизимга ҳомиладорлигимда ойижон раҳматли ёнларига чақирдилар.
Ўшанда айтган гапларини мана ҳозиргача ўйлайман:

"Қизим, Аллоҳ таоло қиз болани бекорга бермайди. Ё бола тарбиялашга эпи йўқ аёлни шарманда қилиб, ҳаммага кетини очиб қўйиш учун беради ё суйган бандасига унинг яхши таълим беришини билган ҳолда "бу бандам эплай олади" деб беради.

Бекорга учта қизни дунёга келтириб, унга чиройли тарбия берган аёлни жаннати бўлади дейилмаган.

Учта қизни дунёга келтириш у майли, аммо ўша қизларга чиройли тарбия бериш-мана шу жиҳат энг муҳими!

Нимададир адашдингизми, эртага ўша хатойингиз элнинг олдида кўргазма бўлади!"

Менимча, шаллақи онанинг ёнида юриб, аллақачон бети қотиб бўлган қизни йўлга солиш қанчалар душвор эканлигини ҳар қандай уста педагог ҳам жуда яхши тушунади деб ўйлайман.

Думалоқ тарвузни тўртбурчак шаклга солиш учун Хитойликлар нималар қилмади, ахир! Пишгунча тўртбурчак қолипда сақлашди, яхши ранг олиши учун айлантириб туришди. Бу шунчаки бир марталик натижа, ўша тўртбурчак тарвузнинг уруғидан яна думалоқ тарвуз чиқаверишини улар жуда яхши тушунади, аслида!

Бола тарбияси мушкул иш! "Минг доно бўлмайлик, бу борада барибир Яратганнинг ёрдамига муҳтожмиз!" Ҳа, бу жумлани кўп ёзганман. Дарҳақиқат шундай..

Илоҳим, ўша бебош қизларга ҳам бундан кейин ақл кирсин, ўзларини тутиб олиб, ота-онасига, устозларига раҳмат олиб келадиган қизлар бўлиб етишишсин...

Ўзи ҳолимизни ислоҳ этсин!

Ummu Zaynab Ummu

@Ummuzaynabummuijodi