Get Mystery Box with random crypto!

​​#яхши_постлар. ​​ҚУЛЛАРНИНГ ҚИРОЛИ Бурбонлар сулоласи ваки | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#яхши_постлар.

​​ҚУЛЛАРНИНГ ҚИРОЛИ

Бурбонлар сулоласи вакилларидан бири – 1715 йилда Франция тахтига эга чиққан қирол Людовик XV қаҳратон қишда янги пишган меваларни ейишни хуш кўраркан.

Қиролнинг дастурхонидан ёзги сархил мевалар узилмаслиги учун Версал саройида махсус қишки боғ ташкил қилинган экан. Аммо у ерда мевали дарахтларнинг ҳамма турини ҳам етиштиришнинг иложи бўлмаган экан.

Қиш чилласининг бир куни Людовик XV янги узилган нок ейишни хоҳлаб қолибди. Қишки боғда нок дарахти йўқ. Хизматчилар бутун шаҳарни дараклаб ҳам, қирол истаган мевани топа олмабдилар.

Ўша куни мамлакатнинг бош вазири қиролнинг ҳузурига бир таклиф билан кирибди:
- Ҳазрати олийлари, миямга бир фикр келди, - дебди у хушомад билан эгилганча. – Марҳаматингизни дариғ тутмай, бир фармон чиқариб берсангиз, яъни шул мазмундаким, фуқароларимиз ўз уйларида кичик-кичик қишки боғлар ташкил қилсалар ва қиш ойларида сарой дастурхонини янги пишган мевалар билан таъминлаб турсалар.

Биринчидан, меваларнинг хилма-хиллиги ортарди, иккинчидан, қиш палласида кўнглингиз тусаган мевани топишнинг имкони бўларди. Бугун бутун шаҳардан биттагина нок топилмагани учун хижолатда қолдим...

- Ғирт аҳмоқона таклиф! – дебди қирол. – Менинг фуқароларим бунга рози бўлмайдилар. Ахир, уларнинг ҳаммасида ҳам қишки боғ яратишга имкон йўқ-ку. Бундай фармон берсак, камбағал қатламнинг қаҳри келади. Йўқ, мен рози эмасман!

- Ҳазрати олийлари, сиз шу фармонни чиқаринг-да, ижросини менга қўйиб беринг, - дебди бош вазир бўш келмай.

Хуллас, ўша куни у қиролни шундай фармон чиқаришга кўндирибди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, фармоннинг ижроси бошланиб кетибди. Бундан бош вазир ва ҳукумат аъёнлари ўзларида йўқ хурсанд бўлибдилар, аммо қирол...

- Ҳазрати олийлари, сиз нега севинмаяпсиз? – дебди бош вазир қиролнинг хуноб бўлаётгани сабабини тушунолмай. – Ахир фуқароларингиз сизга садоқатларини яна бир бор намойиш этдилар, фармонингизни қулоқ қоқмай бажаряптилар. Мана кўрасиз, яқинда...

- Бас қилинг! – бош вазирнинг гапини кесибди Людовик XV ғазаб билан. – Садоқат эмиш-а! Садоқат эмас бу, аҳмоқлик! Наҳотки фуқароларим орасидан бирорта мард чиқиб, “Биз бу фармонни бажара олмаймиз, бунга имконимиз йўқ”, - деб айтолмаган бўлса?!

Демак, улар фуқаро эмас, улар – қул! Мен эса қулларнинг қиролиман. Ҳа, қулларнинг қиролиман мен! Бор мартабам шу холос!..

Айтишларича, қирол Людовик XV ўшандан кейин қишда сархил мева сўрамайдиган бўлган экан.

Дилфуза КОМИЛ


@Ummuzaynabummuijodi