Get Mystery Box with random crypto!

​​ЎНГЛАР ВА СЎЛЛАР: СИЁСИЙ ТАРАФЛАР ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН? Си | Uch zamon

​​ЎНГЛАР ВА СЎЛЛАР: СИЁСИЙ ТАРАФЛАР ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН?

Сиёсий таҳлиллар, айниқса Ғарб сиёсати билан боғлиқ хабарларда "ўнг партиялар" ва "сўл партиялар" ҳақида гапирилади. Бироқ нега айнан "ўнг", "сўл" деб айтилиши ва улар нимани англатишини кўпчилик билмайди.

1789 йилда Францияда "француз инқилоби" юз бергач, "Миллий ассамблея" (парламент) турли қарашдаги сиёсий кучлар йиғила бошлайди.

Уларнинг орасида қирол тарафдорлари, аслзодалар, бойлар, диндорлар, косерватор ва ҳоказолар "Қиролнинг ўнг қўл тарафи"га жойлашадилар. Чунки баъзи яккахудолик динларида бўлгани каби улар ўнг тарафни "ҳалол" (худо ва унинг ердаги сояси қирол назарида) ва сўл, яъни чап тарафни харом-шайтон тараф деб ҳисоблаганлар.

Натижада, сўл тарафга қиролга мухолиф бўлган, ижтимоий тенглик ва адолат тарафдори бўлган, халқ орасидан чиққан прогрессист кучлар жойлашганлар.

Бу анъана француз инқилоби модели тарқалиши асосида 19 асрда Европа ва Жанубий Америка давлатлари сиёсатига катта таъсир қилган. Айнан кўчирилган бўлмаса-да, мазкур "сиёсий бўлиниш" англо-саксон давлатлари, жумладан АҚШ, Англия, Австралия ва Канададаги сиёсий бўлинишларга ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Собиқ совет иттифоқи йўқолгач, Ғарб сиёсий моделларидан нусха олишга ҳаракат қилган собиқ совет республикаларида ҳам бундай бўлинишларга интилишлар бор, аммо унинг моҳиятини кўпчилик англаб етмагани учун улар тўлиқ амалга кирмаган. Масалан Ўзбекистонда "Экологик партия" ўнг тарафга жойлаштирилиб, Атом станцияларини ҳимоя қилиши, "Миллий тикланиш" партияси ЕОИИга қўшилишни қўллаб, "ХДП" партияси раиси "Тошкентда 5 болали оила 2,5 млн сўм ойликка яшай олади" дейиши сиёсий кучларимиз ўз курашларининг моҳиятини англамаганлигини кўрсатади.

Шундай қилиб, ўнг тарафда асосан либерал иқтисод тарафдорлари, капиталистлар, монополистлар, косерваторлар, диндорлар, миллатчилар, мутаасиблар ва ундан-да радикал (фашистлар, нацистлар) қарашдаги сиёсий кучлар жойлашадилар.

Сўл тарафда эса асосан ижтимоий (жумладан экологик) тенглик ва адолат тарафдорлари, социалистлар, социал-демократлар, коммунистлар, анархистлар ва ундан-да радикал сиёсий кучлар жойлашадилар.

Марказда эса бу иккала кучлар ўртасидаги қарашдаги кучлар, жумладан либераллар сал ўнгларга ён босган ҳолда жойлашадилар. Ўзбекистондаги "ЛиДеП"ни марказга жойлаштириш мумкин. Партия раҳбари баъзан ўз сиёсий мафкурасига тескари равишда "Кўп гўшт еяпмиз" деб қўйса ҳам улар кўпроқ марказга тўғри келадилар.

Ўзбекистондаги партияларда мафкуралар, сиёсий тамойиллар, кураш мақсадлари ва ҳоказолар яхши ривожланмаган, тўғрироғи ривожланишга қўйилмаганлигини ҳисобга олсак, улар ўз ролларини хатолар билан бўлса-да ёмон ўйнамаётганликларини қайд этиш мумкин.

"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола https://t.me/uchzamon