Get Mystery Box with random crypto!

Фирма очганга бир танга, патентлаганга минг танга.  25 кундан | ТУРКИЯДАГИ ЎЗБЕКЛАР

Фирма очганга бир танга, патентлаганга минг танга. 

25 кундан буён Ўзбекистонда авиакасса очиш масаласи билан юрибман. Очиғи тадбиркорликни бошлаш ва давом эттириш учун Ўзбекистонда қулайликлар жуда кўпайганига гувоҳ бўлдим.

МЧЖ очган вақтимда орадан бир соат ҳам ўтмасдан бир нечта бухгалтерия идоралари қўнғироқ қилиб ўз хизматларини таклиф қилишди, кейин банк телефон қилди ўз хизматларини таклиф қилиб, ортидан офисингизни жиҳозлаш ва дизайн масаласида ёрдам таклиф қилмоқчимиз деб ҳам телефон қилишди.

Энг қизиқ телефон қўнғироғи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан бўлди. "Бекназар Рахматов, сиз очган фирмангиз номини патентлаб қўйишни истамайсизми? Бу мажбурий эмас, лекин кимдир шу номни сиздан олдин биз орқали патентлаб олса, сиз ўзгартиришга мажбур бўласиз".

Шунча ёрдам таклифи билан қилинган қўнғироқлардан кейин бу қўнғироқ ёрдам беришга эмас, кўпроқ таҳдид қилишга ўхшади. Патентлаб қўйишнинг нархи ҳам 10 йилга 550 доллар атрофида экан. Ўзимча ичимда Элдор акани гапига кириб, фирмани "БEКНАЗАР РАХМАТОВ МЧЖ" деб очсам бўларкан деб ўйладим, мени исмимни патентлаш кимга ҳам керак бўларди, 550 доллар ёнимда қоларди.

Фирмани давлат хизматлари маркази орқали очган бўлсам, ном танлашга ўзи 10 кун вақтим кетди, энг яхши номлар аллақачон банд қилинган, такрорланмас ном топиш ҳам осон иш эмас экан. Қандай қилиб давлат идораси ўзи берган гувоҳномани бошқа бир давлат идораси талаби билан ўзгартиришга мажбур қилиши мумкинлигига ақлим етмади.

Интеллектуал мулк агентлигининг ходимига, "ҳозир мен отнинг калласидек харажат қилиб, давлат берган гувоҳномада ёзилган фирма номи билан реклама материаллари ясатсам, бир ойдан кейин Ғишмат мени фирмамни номини силар орқали патентлаб олса, кейин мен ҳаммасини ўзгартиришга мажбур бўламанми" десам, "албатта" деб жавоб берди.

Иккита давлат ташкилоти келишиб ишласанглар бўлмайдими ?