Get Mystery Box with random crypto!

Юқори ўқув юки сифатли таълим кўрсаткичи эмас. Ўзбек ўқувчилар | To'xtaboyev Nuriddin | shaxsiy blog

Юқори ўқув юки сифатли таълим кўрсаткичи эмас. Ўзбек ўқувчилари бошқа мамлакатлар ўқувчиларига қараганда кўпроқ ўқийди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг таълим юкламасини бошқа мамлакат ўқувчилари таълим юкламаси билан солиштириб бир қатор хулосалар беряпти.

Унга кўра:

– ўзбек ўқувчилари бошқа мамлакатлар ўқувчиларига қараганда кўпроқ ўқийди;

– Ўзбекистон мактаблари ўқув дастурида ижтимоий ва амалий фанларни ўрганишга кўпроқ вақт ажратилган;

– ўзбекистонлик ўқувчилар математикани бошқа мамлакатлардаги ўқувчиларга қараганда анча кам ўрганади;

– Ўзбекистон мактабларида чет тилларини ўрганиш учун ўртача вақт берилади, аммо шунга қарамай, мактаб битирувчилари чет тилларида эркин сўзлаша олмайди (мактабдан кейин якка тартибда ўқийдиганлар бундан мустасно). Чет тилларини ўргатиш сифати пастлиги чет тили ўқитувчиларининг қарийб 50 фоизи тест синовларидан ўта олмаганидан ҳам далолат беради;

– умуман олганда, Ўзбекистонда мактабларнинг ўқув дастурлари самарасиз тақсимланган;

– ўқув юкламаси юқори бўлишига қарамай, Ўзбекистон мактабларида таълим сифати жуда пастлигича қолмоқда.

Баъзи мактабларда ўқувчилар сони 40-42 нафарни ташкил этади

«Бизнинг фикримизча, таълим сифатига синфлардаги ўқувчилар сони ҳам таъсир қилади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари синфларидаги ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги керак, яъни дарслар давомида ҳар бир ўқитувчига 35 дан ортиқ ўқувчи тўғри келмаслиги керак. Афсуски, шаҳар мактабларида дарсларда меъёрдан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда, баъзи мактабларда ўқувчилар сони 40–42 нафарни ташкил этади (бу тенденция йирик шаҳарлар учун хос). Бунинг асосий сабаби давлат умумтаълим мактабларининг сиғими етишмаслигидир, 2021/2022 ўқув йилида сиғим 5 миллион 111,1 минг ўринни, ўқувчилар сони эса 6 миллион 304,6 минг нафарни ташкил этган. Таъкидлаш жоизки, 2021/2022 ўқув йилида республикада 290 та мактаб ўқувчиларни қабул қилишга тайёр эмас эди», дейилган институт таҳлилида.

Шунингдек, хулоса сифатида Ўзбекистон мактабларида ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш ва дарслар сонини қисқартириш таклиф этилган.