Get Mystery Box with random crypto!

АЗОН ҲАҚИДА Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ра | Tunchiroq

АЗОН ҲАҚИДА

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
»Қачон азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар«, дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бухорийдан бошқаси:

«Сўнгра менга салавот айтинглар, чунки ким менга бир салавот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн салавот айтади. Кейин менга Василани сўранглар. Бас, у жаннатдаги манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан биттасигагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Василани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур»ни зиёда қилган.

Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
»Ким азонни эшитганидан кейин «Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит-тааммати вас-солатил қоимати аати муҳаммадан ал-васийлата вал фазийлата вабъашу мақоман маҳмудан аллазии ваъадтаҳу», деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлур«,дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича:

«Аллоҳим! Эй ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Робби! Муҳаммадга Василани ва фазилатни бергин. Ҳамда уни Ўзинг унга ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин».

«Васила» жаннатдаги олий мақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.

«Мақоми Маҳмуд»- мақталган мақом эса Аллоҳ таолонинг «Шоядки Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса» ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган. Мақоми Маҳмуд- буюк шафоат мақомидир.

Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик, десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз керак бўлади.