Get Mystery Box with random crypto!

Отадан ўғлига сабоқ Бир одам тез-тез Қуръон ўқирди. Аммо ҳеч | Tunchiroq

Отадан ўғлига сабоқ

Бир одам тез-тез Қуръон ўқирди. Аммо ҳеч ёдлай олмасди. Бир куни ўғли унга:
- Отажон, Қуръон ўқийверасиз, аммо ҳеч ёдлай олмайсиз. Ўқиганингизнинг қандай фойдаси бор? - деди.
- Ўғлим, - деди ота, - саволингга жавоб бераман. Лекин ундан аввал бўйра саватда сойдан сув олиб келгин.
Бўйра сават кўмир ташиш учун мўлжалланган эди.
- Бунинг имкони йўқку? - деди ўғил.
- Сен айтганни қил, кўрамиз нима бўларкин! - таъкидлади ота.
Ўғил бўйра саватни олиб сойга қараб кетди ва сув таший бошлади. Йўл яримламай сув оқиб кетаверарди.
Ўғил отасига:
- Отажон, бўйра саватда сув ташиб бўлмайдику! - деди.
- Майли, сен давом этаверчи! - деган жавоб олди ўғил.
Ўғил яна бир бор сувга борди. Бешинчи бориб-келишида қаттиқ ҳориган ўғил малолланиб отасига:
- Отажон, бу саватда сув ташишнинг иложи йўқ. Лекин нега сув олиб келишимни такрорлаяпсиз? - деди.
- Саватдаги ўзгаришни сезмадингми, ўғлим?
Отасининг эътирофидан ўғил сергак тортиб саватга қаради:
- Ҳа, отажон, сават топ-тоза бўлибди.
- Ана шунақа, ўғлим. Бу саватда кўмирдан бошқа нарса ташиб бўлмасада, сув билан муносабатга киришгани сари тозаланиб бораверди. Инсон қалби ҳам дунё ва унинг ҳою ҳавасларидан кирланиб бораверади. Қуръон ўқиган одам уни ёд ололмаса ҳам, қалбининг ғубори ариб, покланиб боради. Қуръон қалб ва руҳнинг покловчиси, озуқаси ва шифосидир. Зинҳор шайтоннинг: «Ёд олмасанг Қуръон ўқишнинг нима кераги бор?» деган васвасасига учма! - дея ўғлига гўзал сабоқ берди ота.