Get Mystery Box with random crypto!

Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашдим Келинг, батафсил тушунтир | TROLL.UZ

Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашдим

Келинг, батафсил тушунтираман.

Бугун “ME’MOR//2021” II меъморчилик кўрик танловининг тақдирлаш маросимига таклиф қилинган эдим. Ҳаммаси ажойиб ўтди. Ўзбекистонда истеъдодли меъморлар борлигига амин бўлдим. Чет эллик архитекторлар ва соҳа мутахассислари Ўзбекистондаги архитектуранинг ривожи имкониятлари ҳақида яхши фикрлар айтишди.

Маросим сўнгида Тошкент шаҳар ҳокими ташриф буюрди. Менимча кутилмаган ташриф.

Чет эллик меҳмонлар билан суҳбатлашаётган пайтларида менга кўзлари тушди-да, менга қараб: "Шу бола мени ёмон кўради. Нима қилсам ҳам ёқмайди. Арпангни хом ўрганмиман?" деб ҳазил аралаш ҳафа оҳангда айтдилар. Атрофдагиларга қўшилиб кулиб қўйдим.

Орадан 10-15 дақиқа ўтиб, Татарстон Республикаси президенти ёрдамчиси Наталия Фишман-Бекмамбетова билан суҳбат чоғида яна кўзлари менга тушиб, суҳбатга чақирдилар.

Саломлашдик. Яна хом ўрилган арпа ҳақида сўрашди. Ёки бизнесингни тортиб олдимми деган киноялар бўлди. Нега доим мен ҳақимда ёзасан? Нима қилдим сенга? Нега ёмон кўрасан? деган саволлар беришди.

- "Шахсан сизга ҳеч қандай эътироз йўқ. Шунчаки Тошкентда нима бўлса сизга тегишли ёки сиз билан боғлиқ бўлса мен айбдор эмасманку?" дедим.

Чиндан ҳам, Жахонгир Обидовичга ҳеч қанақа шахсий адоватим йўқ. Мени шаҳарда бўлаётган воқеалар, қурилишлар, қонунбузарликлар қизиқтиради. Ҳозир ҳам бу матнни улардан хафа бўлиб, ёки адоват билан ёзмаяпман.

Суҳбатни тўлиқ эслаб қолмадим. Лекин суҳбат кайфиятини тушунишингиз учун эсимда қолган бир-нечта ибораларни айтаман. (Қуйидаги суҳбат кўринишидан жанжалга ўхшасада, аслида асабларсиз гаплашдик).

- "Ўзи Бухородан. Қишлоғида 20 кунлаб чироқ йўқ. Чироқ ўчмайдиган Тошкентда яшаяпти."
- "Бухоро қишлоқ эмас" деб эътироз билдирдим.
- "Бухорони ўзиданмисан? Қишлоғиданкусан?"
- "Бу мени нима қилсам ҳам ёмонлайди"
- "Заказга ишлайди. Мени ёмонлаш учун пул беришади бунга"
- "Булар бекорчи. Шу учун блогерлик қилади"
- "Янги машина олдим. Шуни хам ёзасанми?"

Хуллас, шунга ўхшаш хафа бўлишга арзимайдиган гаплар. Бу гапларни жиддий қабул қилиш керак эмас.

Кўринишидан, ҳоким мени чин дилдан уларга қарши мақолалар ёзиб пул оладиган одам деб қабул қиляптилар. Бундай эмаслигини уларга тушунтиролмадим. Тушунишни истамадилар ҳам. Қайта-қайта "заказ" деявердилар. Майли, ҳар ким ўзича фикрлайди.

Орада Наталия Фишман-Бекмамбетова билан танишиб гаплашдик. Уларнинг асосий соҳалари Татарстондаги шаҳарсозлик масалалари. Ажойиб ўзгаришлар сабабчиси. Google да қидириб кўринг.

Суҳбатимиз гувоҳи бўлган Наталия, бизга бир таклиф бердилар. Ҳокимият томонидан бир вакил ажратилиб, барча эътирозларни шу одамга етказиб, муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилиш. Шунга келишгандек бўлдик.

Орада ҳоким муаммолар ҳақида ҳам сўзладилар. Кадрлар етмаслиги, қурилишларни байрам кунигача топшириш ва ҳоказо. Бу муаммоларни каналда ёзиб келганман. Бу борада ҳокимнинг бўйнидаги юк қанчалик оғирлигини тушуниб турибди ҳамма.

Ўзбекистондаги 90% муаммолар бирор-бир шахс эмас, тизим сабабли. Шахслар эса шу тизимнинг ичида. Чиқиши қийин.

Агар инсонлар учун яхши ўзгариш бўладиган бўлса ҳар қандай киши билан суҳбатлашишга ҳам, қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳам тайёрман.

Бунинг учун ҳеч бўлмаса бир-биримизни қулоқ солишни ўрганишимиз керак албатта.

@trolluz