Get Mystery Box with random crypto!

Ассалому Алайкум! «БИР ИШ БОШЛАСАМ ЎХШАМАЙ ҚОЛСАЧИ?» Кеча би | Trening-kitob

Ассалому Алайкум!

«БИР ИШ БОШЛАСАМ ЎХШАМАЙ ҚОЛСАЧИ?»

Кеча бир лойиҳа устида ишлаш мобайнида онгимдаги ажойиб бир фикрлаш тарзи диққатимни тортди. Бу «ўхшамай қолсачи?» деган хавотир эди. Кейин бу фикрлаш тарзини ўргана бошлаб қизиқарли жиҳатларини англаб етдим. Бу муҳим англашларни ушбу мақолада Сиз билан бўлишишни истадим.

Ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлган кўпчиликни тўхтатиб турадиган энг асосий хавотир, қўрқув – бу «ўхшамай қолсачи?» деган қўрқувдир. Бу бизнес бошлаш бўладими, янги ишга ўтиш бўладими, ўқишга кириш бўладими фарқи йўқ.

Ҳозир келадиган фикрларни яхшилаб ўрганиб олсангиз бундан кейин Сизни бу қўрқув, хавотир бошқа қийнай олмайдиган бўлади. Унинг кучи Сизга таъсир этмайдиган бўлиб қолади.

Дастлаб, психологияда машҳур бўлган Павловнинг ит билан ўтказган тажрибаси ҳақида айтиб ўтсам. Бу бизга кейинги келадиган фикрларни аниқ тушунишга кўмакчи бўлади.

Бу олим лампочка ёниши билан тажриба ўтказилаётган ит оғзида сўлак ажралиб чиқишига эришади. Аслида сўлак ажралиб чиқишининг асл сабаби овқат, лампочка эмас. Аммо овқат бериш билан лампочка ёқишни ўзаро боғлаш ва узоқ муддатли такрорлашлар ўз ишини қилди. Итнинг ботиний онгида янги фикрлаш тарзи, ахлоқ пайдо бўлди. Аммо бу фикрлаш тарзининг ҳақиқий воқеъликка умуман алоқаси йўқ. Чунки лампочка ёнса овқат пайдо бўлади деган фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ит нима учун лампочка ёнганда оғзида сўлак пайдо бўлишининг асл сабабини ўзи ҳам тушунмайди, ахир ҳеч қандай овқат йўқ-да. Тушуняпсизми?

«Ўхшамай қолсачи?» деган фикрлаш тарзи ҳам худди шундай. Биз ўзимиз билмаган ҳолда, автоматик тарзда шундай фикрлаймиз ва қурқувни ҳис қила бошлаймиз. Аммо бу қўрқувнинг ҳақиқий ҳаётга умуман алоқаси йўқ. Ахир биз келажакда нима бўлишини олдиндан билмаймиз-ку.

«Ниманидир тушунгандай бўлдим-у, аммо бу қўрқув барибир борку? Ундан ҳали қутулмадим-ку?!» дейдиганлар учун яна давом этамиз.

Хўш, бу қурқувдан қандай халос бўлиш мумкин? Бунинг учун гап нимада эканлигини англаш керак.

Тасаввур қилинг ўша ит одамлар каби ўйлайдиган бўлиб қолса нима бўлади? У лампочка ёниши билан овқатнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, аммо Павлов бобонинг ортидаги челакда турган гўштнинг эса алоқаси борлигини, бор бўлганда ҳам зўр алоқаси борлигини жуда яхши англаган бўларди.

Мана шу англаш содир бўлган заҳотиёқ лампочка ёниши ва овқат орасидаги ёлғон ҳосил қилинган боғликлиқ иморати буткул бузилиб кетади ва олдин англангмаган фикрлаш тарзи аён бўлиб қолади. Энди лампочка ёниши итнинг сўлак безларига таъсир эта олмай қолади. Тушуняпсизми?!

Сиз ҳам ўз онгингизда пайдо бўлаётган «ўхшамай қолсачи?!» деган қўрқув аслида ҳақиқат эмаслигини билсангиз. Яъни, аниқ ўхшамай қолади, бу тақдиримга битилган дегани эмас, балки бор йўғи мендаги фикрлаш тарзи, холос деган англаш содир бўлса унинг кўринмас занжирларидан шу лаҳзадаёқ халос бўласиз.

Ёзилганларни яхши тушунмаган бўлсангиз қайта-қайта ўқиб чиқинг. Бунга сарфлаган меҳнатингиз, вақтингиз ўзини бир неча баробар оқлайди. Бунинг натижасида Сиз жуда зўр лаззатни – катта англаш лаззатини, ўсиш ва ўзгариш лаззатини сезасиз.

Ўзингизда бўлган ҳиссиётлар, ўзгаришлар билан комментарийларда ўртоқлашинг.

Ҳурмат билан,
Эшмуродов Шухрат

P.S.: аслида 100$ тикиб 200$ га эга бўлиш – уддалаш мароқли бўлган иш. Аммо онгимизда бизга кўринмай турган фикрлаш тарзимиз буни уддалашимизга йўл қўймайди. Ўша кўринмай турган фикрлаш тарзини англаб ундан озод бўлиш – бу жуда лаззатлидир. Бу лаззат 200$ га эга бўлиш лаззатидан ҳам кучлироқдир.