Get Mystery Box with random crypto!

АРАЗЛАШДИК Эру хотин аразлашдик, Навбатдаги ади-бади. Сувга б | To‘y Bob She'rlar ✔️

АРАЗЛАШДИК

Эру хотин аразлашдик,
Навбатдаги ади-бади.
Сувга бўккан "дока рўмол "
— Уч кундаям қуримади.

Гапирмайсиз, ёзилмайсиз,
Гарчи "дук-дук " юрак урар.
Тунда, ҳатто, ётоқдаям —
Ўртада бир "девор " турар

Бир деворки, қалин, баланд,
Қуш ҳам учиб ўтмас, тайин.
Гўё уни қуриб кетган
Искандар-ул Зулқарнайн.

Бир деворки ўргимчактўр,
Нафис, нозик тузилади.
Қайсар ғурур бўлмаса-ю
«Пуф» деб қўйсанг бузилади.

Дейишади: араз уч кун.
Учинчи кун келди, мана.
Ярашишим керак бугун,
Уришмаям қолайин-а!

Ўзи нега тортишдим ман?
Ҳеч қачон ҳақ бўлармидим?!
Мана, қанча дилхиралик,
"Хўп " деб қўйсам ўлармидим ?!

Гўё олтин қўрғон сизу
Дорвозангиз тақатақ берк
"Калитингиз " ўттиз икки —
Соқчи пойлаб туради тек.

Эьлон қилдим кўнглингизга —
Ишқ-муҳаббат "урушини"
Бошлавордим Искандарнинг
Буюк ҳарбий "юришини".

Ололмаган қўрғоним — Сиз,
Мен-чи мағлуб, хор Саркарда,
Тонгда қўшин тўплаб бориб,
Шом бўламан пароканда.

Қўшинларим — назокатим,
Ишва, жилва, латофатим,
Афсус, улар сонидан кўп,
Жангда кўрган талофатим.

Қошларимни камон қилсам,
Нигоҳим — зарб бўлармикин ?
Сочларимнинг мушк-ўқидин
Шу қўрғон забт бўлармикин ?

Қўллаб кўрдим юз хил усул,
Сарҳадидан ўтолмадим.
Пойтахтига муҳаббатнинг —
Байроғини тиколмадим.

Деворингиз метин экан,
Замбараклар топсаммикин ?
Соқчиларин ғурур деган,
Қилич билан чопсаммикин?

Тугамас бу маҳораба,
"Ё ўлиш, ё қолиш " керак,
Жон кетса ҳам, шу қўрғонни,
Олиш керак, олиш керак!

Агар олсам шу қўрғонни,
Жангда ғолиб келар эдим.
Ўз-ўзимга генераллик,
Унвонини берар эдим.

Ҳар лаҳзада минг бор юрак,
Майдонлари қонланади,
Энди менга макру ҳийла,
Аскар бўлиб "ёлланади".

Туфлингизнинг ичига бир —
Оқ атиргул солиб қўйдим.
Ёстиғингиз оқ жилдига
"Айлавью" деб ёзиб қўйдим.

Костюмингиз чўнтагидан
Олма чиқар — буям ўгит
Хатиям бор, ёзиб қўйдим:
"Танишайлик, яхши йигит".

Сиз-чи, уйиб қовоқларни,
Мен томонга қарамайсиз,
Қўлим чўзсам, жимжилоқни —
Узатишга ярамайсиз.

Ўзингизча, бефарқдайсиз,
Лек йиғлайсиз сўлиб қолсам,
Не бўлади шу аразда
Ё сиз, ё мен ўлиб қолсам?

Вой-вой, Худо кўрсатмасин,
Эрга осий бўлмоқликни,
Дўст, биродар, қўшни, жигар,
Араз ҳолда ўлмоқликни.

Елкангизни қитиқлайман,
Жимсиз, сирли йўталаман,
Белингиздан ачом қилиб,
"Оқ байроғим" кўтараман.

Ёришади юзларингиз,
Учрашгандай Хизр билан.
Ўликниям тирилтирса,
Бўларкан-а ҳазил билан.

Дейман: Мен ғўр канизингиз,
Сиз — Подшо бўлақолинг,
Кулворасиз — зўрға турган —
Экансиз-а, ўлақолинг.

Урра! Урра! Уруш тамом!
Ишқ қўшини қучди зафар,
Жисмим бўйлаб етмиш икки,
Томиримда кетди хабар.

Қўйдим "қилич қалқонимни",
Бекор бўлди ҳарбий ҳолат.
Генераллик нишонини
Тақиш қолди энди фақат.

Доно Шарқнинг иши қизиқ,
Уйлаб, кўнглим завққа тўлар.
Аёл шундай саркардаки,
Бош эгганда ғолиб бўлар.

Ҳар уйда бир олтин қўрғон,
Ҳар уйда бир зўр саркарда.
Эру хотин шундай ширин
Рўзғор қилар ўзбекларда.

Марҳабохоним Каримова.
==========
https://t.me/Toy_bob_sherlar