Get Mystery Box with random crypto!

ҚОРАҚАЛПОҒИМ КЎЗИМ ҚАРОҒИ Куни кеча Нукус шаҳрида бўлиб ўт | ©️𝐏𝐫𝐞𝐬𝐬 𝐂𝐞𝐧𝐭𝐞𝐫 𝐨𝐟 𝐈𝐓𝐅

ҚОРАҚАЛПОҒИМ КЎЗИМ ҚАРОҒИ

Куни кеча Нукус шаҳрида бўлиб ўтган нохуш хабарни эшитиб юрагим зирқираб кетди. Бу халқ ўзлари яшайдиган кенгликлар сингари бағри кенг, қалби дарё халқ. Мен бу сўзларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Боиси, мен ҳам шу юртнинг фарзандиман. Айнан Қорақалпоқ диёрида туғилиб вояга етганман. Қорақалпоқ болалари билан ўйнаб бирга ўсганман. Бир парча нонни ўзаро бир-биримизга илиниб, баҳам кўрганмиз. Бир қишлоқ-овулда ён қўшни-жон қўшни бўлиб яшаганман, сахар туриб мол бокардик, бир синфда, бир партада ўтириб сабоқ тинглаганман, илк алифбо сабоқларини қорақалпоқ муаллимларидан олганман.

Ўрни келганида яна шуни ифтиҳор ва фахр билан айтаман Қўнғирот туманида туғилганлигим учун менинг исмимни Қўнғиротбой қўйишган. Бизга маълумки Қўнғирот, ўзбек ва қорақалпоқнинг энг қадимий уруғларидан бирининг номи. Биргина шунинг ўзи икки элнинг мангу дўстлигининг мустаҳкам ришталарига ишора. Бу элнинг қалбига қутқу солмоқчи бўлган ёт унсурлар адашади. Бу ёт унсур кимсалар қалби дарё икки халқнинг ошига оғу қўша олмайди.

Қаҳрамон шоиримиз Ибройим Юсупов ўз шеъру байтларида ғурур билан эътироф этганидек, қорақалпоқ дўсти сўраса ўзи миниб юрган отини ҳам тортиқ қилиб юборадиган танти ва ҳотамтой эл. Менинг киндик қоним шу юртга томган, шу юрт тупроғида вояга етганман. Қарич ёшдан шу элнинг ичида ўсганман. Виждон билан шуни айтаман, юраги қора фитначилар қадим-қадимдан бир-бирига кўрар кўзнинг қорачуғидек вобаста ва камарбаста элнинг кўзига чўп суқаман деса қаттиқ адашади. Ҳозирги паллада бутун дунё туркийлари ягона маслак, қутлуғ мақсад йўлида бирлашиш ғоясини олдинга сураётган пайтда оға-ини бу халқлар ўртасига қутқу солишига асло йўл қўймаслигимиз лозим.

Шу юртнинг битта вакили, қондош ва жондош икки халқнинг фарзанди сифатида шуни эътироф қиламанки Кўҳна Жайҳун фарзандлари ўз уйимиз ўлан тўшагимизда битта оила фарзандлари тимсолида Келажаги янада буюк янги Ўзбекистонни бирга бунёд этамиз. Зеро кейинги йилларда амалга оширилган қатор ибратли ишлар бунинг амалий исботидир. Президентимиз даъвати, ташаббуси ва амалий саъйи-ҳаракатларининг меваси ўлароқ, бу ишлар Қорақалпоқ диёрида ҳам тўлиғича ўз аксини топмоқда. Наинки республика пойтахти ва марказга яқин манзилларда, аксинча энг узоқ ҳудудларда ўз бўй бастини кўрсатмоқда. Масалан, Мўйноқ шаҳри қиёфасида оладиган бўлсак ҳазрати инсон қўллари нечоғлик мўъжиза кор эканлигига ўзингиз гувоҳ бўласиз.Мўйноқдаги энг замонавий турар-жойлар, муҳташам санъат кошоналари, спорт мажмуалари ,шунингдек бу ердаги яшовчилар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар, кўрган кишини лол қолдиради. Чиндан ҳам ҳозирги замон русумдага барча маданий - маиший объектлар ҳар қандай замонавий шаҳар билан бемалол тенглаша олади. Ёхуд, мамлакатнинг энг чекка масканларидан саналган Қўнғирот тумани ва шаҳри тимсолида ҳам юқоридаги сингари илиқ гапларни айтиш мумкин. Ваҳоланки, вақти замонида "Борса келмес" ҳудудларига туташган бу ҳудудларни халқ ўз таъбири билан қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди дея атаган. Шу яқин атрофда барпо этилган қатор газ саноати ва сода заводларида бугун минглаб аҳоли ишлаб мустақил она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Яқин иш юзасидан республика маркази Нукус шаҳрида бўлдим, бу ердаги осмонўпар бинолар ва бошқа ишлаб чиқариш иншоотларини, кенг ва равон кўчаларни кўриб ўз кўзларимга ишонмай кетдим. Бироқ бу эртаклардагига монанд муҳташам иморатлар, замонавий русумдаги енгил машиналар, қатор олий ўқув юртлари бу юртнинг эртаси янада порлоқ эканига кафолатдир.

Донишманд ва ижодкор сарбони бор мамлакатнинг келажаги янада нурли бўлишига киши кўнглида эътирозга ўрин қолдирмайди. Чунки амалдаги олиб борилаётган ишлар ана шундай дейишимизга катта асос бўла олади. Зеро бунга заррача шак- шубҳа йўқ.

Telegram | Instagram | Facebook