Get Mystery Box with random crypto!

Расмий муносабат Синф раҳбарини ўз битирувчиси тақдири нега | Toshkent shahar maktabgacha va maktab ta'limi boshqarmasi

Расмий муносабат

Синф раҳбарини ўз битирувчиси тақдири нега қизиқтирмайди?!

Бугун ижтимоий тармоқлардан бири Eltuzportali телеграмм каналида “Дарс ўтайликми ёки кўчама кўча юриб тадбир қилайликми” деган мазмунда хабар тарқалди. Аноним тарзда тарқатилган бу хабар Сергели тумани халқ таълими бўлими мутасаддилари томонидан берилган топшириққа норозилик кайфиятида эълон қилинган.

Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Афсуски, ўрганишлар жараёнида юқоридаги хабар ўз исботини топмади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2022 йилда тумандаги умумий ўрта таълим мактабларини 2234 нафар ёшлар битирган бўлса, уларнинг 1091 нафари олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Қолган барча битирувчи ёшларни йил охирига қадар бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Кеча "Сергели” марказий хиёбонида туман ҳокими ўринбосарлари иштирокида битирувчи ёшларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка йўналтириш ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан очиқ мулоқот уюштирилган. Мулоқотда тижорат банклари ва касбга ўқитиш марказларининг ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тақдимотлари ўтказилди.

Ушбу тадбир олдидан собиқ битирувчиларни мазкур мулоқотга жалб қилиш уларнинг синф раҳбарлари зиммасига юклатилган, холос. Албатта дарс маҳалида бирорта ўқитувчи уйма-уй ёки кўчама-кўча овора бўлмаган. Ҳозирги йигирма биринчи асрда бунга эҳтиёж ҳам йўқ аслида. Собиқ битирувчилар манзили, муҳими, уларнинг телефон рақамлари синф раҳбарларида борлигини унутмаслик лозим.

Ҳурматли педагоглар ва синф раҳбарлари!

Бугунги кунда ҳурматли Президентимиз ва давлатимиз томонидан Сиз ўқитувчилар учун жуда кўплаб қулайликлар яратиб берилмоқда. Биргина мактабнинг ўзида ўнлаб қоғозбозликларга чек қўйилганлиги, турли “ҳашар”лардан озод қилинганингизни кўз олдингизга келтириб кўринг.
Ҳозир мактаб партасида ўтирган ўқувчи эртага жамиятимизнинг керакли кадри бўлиб етишиши учун барчамиз бирдек масъулмиз. Ўқувчи мактабни битирса бўлди, дейдиган замонда яшамаяпмиз. Тўғри, уларнинг барчаси юз фоиз олий маълумотли бўла олмаслиги мумкин. Лекин мактаб битирувчисининг жамиятда ва ҳаётда ўз ўрнини топишига ота-она билан бир қаторда устозлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.

Шундай экан, Сизнинг собиқ ўқувчингиз тақдирига бефарқ бўлишга асло ҳаққингиз йўқлигини унутманг! Сизнинг биргина қўнғироғингиз ёки чорловингиз орқали бир йигит ёки қиз ўзига муносиб иш топиб ҳаётда ўрнини топса, жамиятимизга фойдаси тегса бунинг нимаси ёмон?! Қолаверса, бу каби хабарларни ижтимоий тармоққа жойлаштиришдан олдин хаёлингиздаги ўй-фикрларни аввал обдон ақл тарозисига қўйиб кўринг.

Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати

Каналимизга уланинг ва дўстларингизга улашинг:
https://t.me/ToshkentshaharXTBB