Get Mystery Box with random crypto!

РЎЗҒОР Ҳар кунгидай шошасиз, ишга, Узатаман бир варақ рўйха | Tong yulduzi | Rasmiy kanal

РЎЗҒОР

Ҳар кунгидай шошасиз, ишга,
Узатаман бир варақ рўйхат.
Ва сезаман ахволингиз хун,
Тинч кетишга бергум ижозат.

Орзуларга чўмаман бунда,
Тугаб қолар бир кун камимиз.
Ўша куни қизимга дафтар,
Яна туфли олиб берамиз.

Яна шундай бошланар ҳаёт,
Яна ишга шошасиз бугун.
Жилмаясиз,
- "Озгина чида,
Бугун маош бермайдиган кун".

Дор симидай асаблар таранг,
Бу ғамларни кўтармайди бош.
Мен биламан ўша кун келса,
Уч кун ўтмай тугайди маош.

Жаҳл билан ёпилар эшик,
Худойимга етсайди нолам.
Даданг кетди, рўзғор бошида,
Энди қайтиб келмайди, болам!

Арча байрам бўлгандай гўё,
Ухламади тун бўйи қизим.
Тонгда эса, дадасин қучиб,
Кўз-кўз қилар қизил туфлисин!

Кумуш ЎСАРОВА


@kumushoyingiz