Get Mystery Box with random crypto!

(Наргиза Одинаевага) Наргиз, баҳор келдими Сезмаганга ўхшайм | Tong yulduzi | Rasmiy kanal

(Наргиза Одинаевага)


Наргиз, баҳор келдими
Сезмаганга ўхшайман.
Соғинчлардан ҳали ҳам
Безмаганга ўхшайман.

Титрар тонгги насимлар,
Совуқ, қуруқ фасллар,
Нурдан бино қасрлар
Кезмаганга ўхшайман.
 
Қизнинг тақдири қизиқ,
Манглайида кўп чизиқ,
Бағримни узиб-узиб
Йиғлаганга ўхшайман.
 
Сайёралар кенг экан,
Тайёралар кенг экан
Оворалар минг экан
Билмаганга ўхшайман.
 
Диллар дилга боғлиқми,
Йўллар йўлга боғлиқми,
Кўриб шунча оғриқни
Ўлмаганга ўхшайман.

Ишқим тушиб рўёга,
Ён бермадим риёга,
Бу ёлғончи дунёга 
Келмаганга ўхшайман.
 
Ортиб тоғлар юкини,
Юрдим бир оз бекиниб.
Ҳамон ўшал севгини
Севмаганга ўхшайман,
Севмаганга ўхшайман..
 

Маҳфуза ИМОМОВА