Get Mystery Box with random crypto!

​Кўҳиқоф тоғидан нарида, Сусамбил юртида, девлар ва алвастилар | The Ozodov

​Кўҳиқоф тоғидан нарида, Сусамбил юртида, девлар ва алвастилар яшайдиган жойларда Давлат хизмати тўғрисидаги Қонун қабул қилинган экан.
Барча амалдорлар сиёсий ва маъмурий деб номланувчи икки табақага ажратилган экан. Вазирлар ва ҳокимлар билан сиёсий амалдорлар табақасига кирар экан. Бошқа барча амалдорлар маъмурий ходимлар деб номланар экан. Сиёсий амалдорлар алмашаверар, маъмурий амалдорлар эса ўз жойида ишлаб, давлат хизмати барқарорлигини таъминлаб турар эканлар.
Давлат хизматларига одамлар марказлашган конкурс орқали қабул қилинади, бунда улар CV топширишар, кейин ёзма имтиҳон топшириб, ундан ўтганлар зарур компетенциялар борлигини аниқлаштириш учун суҳбатга қўйилар экан. Ҳеч ким осмондан тушиб, дабдурустдан раҳбар бўлиб қолмас экан.
Ўтган асрнинг 1935 йилда чекист жаллодлар томонидан ўйлаб топилган объективка-маълумотномаларни тўлдиришни ҳеч ким талаб қилмас экан. Бу объективка-маълумотномалар НКВД томонидан ўйлаб топилгани учун қаерда туғилгансиз, қариндош-уруғларингиз кимлар, қайси қабристонга дафн этилган каби бемаъни саволларга тўла, лекин лавозимга қўйилаётган номзоднинг касбий ютуқлари, эришган натижалари ҳақида бир оғиз гап ҳам ёзилмас экан.
Давлат хизматида ишлаётган ҳар бир амалдор фаолияти натижаларини баҳолашнинг аниқ механизми жорий этилган бўлиб, йил бошида энг муҳим кўрсаткичлар белгилаб олинар экан, йил якунида эса, шу кўрсаткичларга эришилдими ёки йўқми, шу назорат қилинар экан. Сингапурга ўхшаган ўта илғорлаб кетган мамлакатларда департамент бошлиқлари томонидан фаолият натижаларини баҳолаш жамоавий равишда муҳокама қилинар ва 10 фоиз энг яхши кўрсаткичларга эришганлар аниқланиб, уларни лавозимини кўтаришга тавсия қилинар экан. Бу кўрсаткичлар вазирликларнинг энг муҳим кўрсаткичлари билан бевосита боғлиқ экан, вазирдан то етакчи мутахассигача аниқ якуний натижаларга эришиш учун ҳаракат қилар эканлар.
Баъзи бир мамлакатлар барча девлар ва алвастиларни, бошқалари эса, фақат юқорида ўтирадиганларини даромадлари ҳақида декларация топширишга мажбурлар эканлар. Оммавий ахборот воситалари бу декларацияларни чоп этишлари ва ижроия ҳокимиятини тергаб туриши имконияти яратилар экан.
Сусамбилда давлат хизматчиларига тадбиркорлик билан шуғулланишга рухсат берилмас экан. Девлар ва алвастилар иш фаолияти давомида манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари вужудга келса, бу ҳақда ёзма равишда маълумот бериши тартиби йўлга қўйилган экан.
Давлат хизматида ишлайдиган девлар ва алвастилар уларни бесабабдан-бесабаб дабдурустдан ишдан ҳайдаб юборишларидан хавотирланмас эканлар. Ўз олдиларига қўйилган узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун хотиржам фаолият олиб борар эканлар. Уларнинг иш жойида камида 3-5 йил узлуксиз ишлаши кафолатланар экан. Энг муҳими, ишхона олдига қўйилган мақсадларга эришилса бўлди.
Давлат хизматчиларининг иш ҳақи хусусий сектордаги иш ҳақига нисбатан юқори эмас, кам ҳам эмас, salary survey орқали доимий равишда таққослаб борилар экан. Мақсад – ходимлар ишдан қочиб кетмасликлари учун етарли ойлик тўлаш бўлиб, ҳеч қандай норасмий қўшимча тўловлар йўлга қўйилмаган. Иқтисодиёт вазирлигида ишлайдиган дев билан Маданият вазирлигида ишлайдиган дев бир хил ойлик олади, ойлик иш ҳақи уларни раҳбарияти қўлининг узунлигига ва Молия вазирлигидаги валломатларга яқинлиги даражасига боғлиқ бўлмайди.
Айтганча, уларда ҳеч қандай юқори турувчи бошлиқлар ҳам йўқ. Профессионал давлат хизматида вазир – бу реал лавозим. Вазир ўзи мустақил сиёсий қарорлар қабул қилади, баъзида уларни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади…Агар шундай қилмаса, нима учун уни лавозимга тайинлаганлар?

Энди, бу Сусамбилдаги девлар билан алвастиларда. Қаерлардадир, Компартиянинг Марказий Қўмитасида эса жиддий отахонлар ўтириб, ‘’Давлат хизматида бирга ишлаши тақиқланган қариндошлар рўйхати кенгайтирилади.Энди бу рўйхатга бобо-бувилар билан бир қаторда уларнинг ота-оналари ҳам қўшилади” деганга ўхшаган тушунчалар киритилади.Давлат хизмати тўғрисидаги қонун ҳалигача қабул қилинмади.Ишга қабул қилиш конкурс, техник ва функционал компетенциялар матрицаси мавжуд эмас.Азизлар, давлат хизматларини ислоҳ қилиш шарт.