2020-12-30 13:42:08
Президентнинг бу йилги парламент ҳамда халқимизга қилган Мурожаатида аҳоли ва жамоатчиликни қизиқтирган ва ўз ечимини кутаётган кўплаб масалалар кўтарилди ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан аниқ ечимлар кўрсатиб ўтилди. Бу шундан далолат бериб турибдики, давлат раҳбарининг энг асосий мақсадларидан бири, бу — ҳалқни рози қилиш.
Охирги ойларда ҳалқимиз ва жамоатчилик томонидан энергетика, жумладан, табиий газ ва электр энергияси билан боғлиқ жуда ҳам кўп муаммоли масалалар кўтарилмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири эса бу мамлакатимизда мазкур соҳа эгаларининг монопол эканлигидир.
Иқтисодиётда монополия, бу — бир кишига, маълум бир шахслар гуруҳига ёки давлатга тегишли бўлган ишлаб чиқариш, сотиб олиш, сотиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга бўлиш тушунилади. Монополия бозор иқтисодиётида рақобатбардошлик имкониятларини йўққа чиқариб, нархларнинг ошишига ва мувозанат бузилишига олиб келади.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Президент бу йилги Мурожаатномасида долзарб масалалардан бири сифатида бозорларни монополиядан чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Мурожаатномада табиий газ таъминоти соҳасида монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари жорий этилиши таъкидланди. Яъни, табиий газни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар уни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлишади, улгуржи истеъмолчилар эса уни сотиб олишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, “Ўзтрансгаз” компанияси газни фақат ташиш бўйича хизматларни тақдим этади.
Шунингдек, 2021 йилда истеъмолчилар ва давлат ҳамда хусусий электр станциялари ўртасида улгуржи электр энергияси бозорини шакллантириш жараёни бошланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, аввалги йилларда мамлакатимизда бензинни узлуксиз етказиб бериш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар бундай сиёсатнинг самарадорлигини кўрсатди.
Мазкур чораларнинг кўрилиши мамлакатимиздаги электр энергияси ва табиий газ бозорини янада эркинлаштиришга ва монополияга барҳам берилишига, унинг истеъмолчилари, яъни ҳалқ ва тадбиркорлар учун табиий газ танқислигини бартараф этишга ёрдам беради.
https://strategy.uz/index.php?news=1191
240 views10:42