Get Mystery Box with random crypto!

Кредит (қарз, насия) нархи ҳақида. Куни кеча қаердандир Ucell | bakiroo

Кредит (қарз, насия) нархи ҳақида.

Куни кеча қаердандир Ucell рекламасига кўзим тушиб қолди. Ucell сайтида насияга сотиб олиш мумкинлигини кўриб, “Узум Насия” сайтига кириб қолдим. Мен Ўзбекистондан кетишимдан аввал насия деганда пул йўғида битта сигарет ёки иккита памперс олиш тушуниларди, ҳозир анча ўзгариб кетибди.

“Узум Насия” ва шунга ўхшаш сервисларни қанча титкиламасам ҳам, фоиз ставкаси қанча эканини топа олмадим. “Наҳотки фоизсиз бўлса” деб твиттер аҳлидан сўрасам, яхшилаб тушунтириб беришди.

Насия деганлари кредитнинг сал бошқачароғи экан. Кредитдан фарқли ўлароқ, устама фоиз нарх ичига қўшиб юбориларкан.

Лекин мени ҳайрон қолдиргани, насияга олинадиган товарларнинг нархи 40–80 фоизга ўсиб кетиши бўлди. 1 миллион сўмлик нарсани насияга олсангиз, 1,5 млн қилиб қайтараркансиз, аммо бу ҳақида ҳеч қайси сайтда аниқ маълумот берилмаган.

Канада қонунчилигига кўра, сиз махсулотни кредитга олсангиз (насия ҳам кредит, фақат чалкашроғи), қўшимча неча пул тўлашингизни сотувчи албатта сизга ҳисоблаб бериши ва савдо саҳифасида кўрсатиб қўйиши керак.

Айтайлик, сиз 1000 долларга телефон олмоқчисиз ва бир йил бўлиб тўламоқчисиз. Кредит ставкаси 5%. 12 ойдан сўнг телефон сизга 1000 долларга эмас, 1050 долларга айланяпти. Яъни, кредит нархи 50 доллар. Шуни сотувчи ҳар бир маҳсулот саҳифасига ёзиб қўйиши шарт.

Ëки 10 млн сўмга телефон олмоқчисиз, 12 ой бўлиб тўлаш шарти билан. Бунда фоиз кўрсатилмасдан, махсулот нархига 4 млн сўм қўшиб, 14 млнга сотишяпти. Яъни, нақдга 10, насияга 14 млн сўм. Шунда насия нархи 4 млн сўмга тенг бўляпти.

Мана шу рақамни ҳар бир насия олаётган пайтда аниқ-тиниқ қилиб кўрсатилиши керак. Буни қонунда белгилаб қўймаса, сотувчи ҳеч замонда буни кўрсатиб, ҳаридорни ваҳимага туширмайди.

Бундан ташқари, “ойига атиги 100 минг сўм” деган жозибадор ёзувлар тагига ҳам маҳсулот неча пул экани, қарз нархи қанча экани, муддат сўнгида неча пул тўланиши кераклигини аниқ кўрсатиб қўйш керак. Акс ҳолда молиявий саводхонлиги паст бўлган аҳоли қатлами алданиб қолиши жуда осон.

@zambarakning_oqi