Get Mystery Box with random crypto!

Тошкент аэропорти энди Чинозга кўчирилмайдими? Ўзбекистон ҳук | bakiroo

Тошкент аэропорти энди Чинозга кўчирилмайдими?

Ўзбекистон ҳукумати 1989 йилдан 2023 йилгача бўлган даврдаги нақ 493та қарорни бекор қилмоқда.

Рўйхатда ўтган 35 йилда Ўзбекистоннинг камида 6та бош вазирлари имзолаган жуда қизиқ ҳужжатларни кўришингиз мумкин. Биринчи ҳужжатданоқ сизда саволлар пайдо бўлади, масалан, 1989 йил 31 мартдаги Компьютер ускуналарини тарқатиш қарори ЎзССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар маҳкамаси томонидан имзоланган. Айтиш керакки, бу пайтда на Президент лавозими, на Президент ҳузуридаги Вазирлар маҳкамаси бўлган (Президент лавозими ва унинг ҳузурида Вазирлар маҳкамасини тузган Ислом Каримов ҳали Қашқадарёда обком эди).

Яна рўйхат бўйича пастга тушиб, 1991 йилда Муҳаммадбобур Маликовга шахсий устама белгилангани (ҳозир ҳам айрим пўрим вазирларга алоҳида осмон устамалар белгиланади), 1995 йилда пахта ҳосили қўшиб ёзилганлиги (ҳозир ҳам бу шармандачиликдан воз кечилмаган), 2017 йил пахта ҳосилини етиштиришдаги камчиликларга йўл қўйган Наманган ва Бухоро вилоятлари ҳақидаги қарорларга кўзингиз тушади.

Лекин бекор қилиниши кўрсатилган қарорларнинг энг қизиғи бу "Тошкент аэропортини кўчириш ҳақида"ги қарордир. 1992 йил 24 июлдаги мазкур Қарорни ўша пайдаги ҳукумат раиси Ислом Каримов эмас, унинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков имзолаган.

Унга кўра, 3-вариант бўйича Тошкент шаҳридан 45 километр жануби-ғарбда ва Чиноз шаҳридан 12 километр шимолда жойлашган ер участкасини танлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланган.

Қизиқки, Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилояти раҳбарияти билан аэропорт комплексининг бир қисмини Қозоғистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш масаласини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

1993 йил 1 октябргача «Тошкент» аэропортини шаҳар ташқарисига кўчиришнинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш топширилган.

Қарангки, орадан 32 йил вақт ўтган бўлишига қарамай, бу қарор шундай ётган, балки ҳамманинг эсидан чиққан, балки қайсидир тумбочкадан чиқиб келган.

Элас, элас эслайманки, 1992 йил ёзида Халқ сўзида тахминий қимйати 250 млн.долларлик янги аэропорт қурилиш ҳақида мақола ҳам чиққанди. Балки Тарихий карточка канали, ўша даврдаги нашрларни титкилаб ўрганиб кўрар? Ҳалигача қурилмаган янги аэропорт ҳақида нималар деб ёзишган экан?