Get Mystery Box with random crypto!

1999 йил Ўзбекистоннинг ўтмиши ҳақида газеталар парчалари кў | bakiroo

1999 йил

Ўзбекистоннинг ўтмиши ҳақида газеталар парчалари кўп сўйлайди. Ўзим учун кашф қилганим Тарихий карточка каналининг ҳар куни бериб бораётган маълумотлари, хоҳлайсизми, йўқми, сизни, бизни, ҳаммамизни хотираларга етаклайди.

1999 йил кўпчиликнинг хотирасида 16 февраль воқеалари билан боғланиб эсланади. Лекин йигирманчи асрнинг охирги йили аслида жуда оғир иқтисодий оқибатлари билан муҳрланиши керак. 1998 йил Россиядаги кризис ва дефолт бизга айнан 1999 йилда зарба берган (тўғри, расмийлар чиқиб доимгидек, кризис бизни четлаб ўтди, деган баёнотлар беришган).

1999 йил давомида долларнинг расмий курси 110 сўмдан 140 сўмгача ёки 27%дан кўпроққа ошган. Лекин бу курсда ҳеч ким валюта олмасди, ҳеч ким сотмасди (танланганлардан ташқари). Қора бозор курси эса, хотирам алдамаётган бўлса, 220 сўмдан 550 сўмгача кўтарилган. Буни нима учун эслаяпман. 1999 йил бошида энг катта купюра 200 сўмлик эди ва бу купюрага Фарҳод ёки Олой бозоридаги қора саррофлардан 1 доллар сотиб ололмасдингиз. 1999 йил ёзида 500 сўмлик муомалага қўшилган. Чиққан пайтда 1 доллардан кўпроқ эди, лекин кузга бориб, 500 сўмга 1 доллар олиб бўлмай қолганди.

1999 йил яна стипендия номиналда яхшигина ошганига қарамай, 10 доллардан камроқ бўлгани билан эсда қолган. Баъзида 1999 йил суратларини қарайман, кўзга яққол ташланадигани, жуда озғин бўлганмиз, деярли ҳамма. Иқтисодий аҳвол танамизда рўйи рост акс этган.