Get Mystery Box with random crypto!

Давлат хизматчилари олигархия хизматида бўлса Коррупциянинг э | bakiroo

Давлат хизматчилари олигархия хизматида бўлса

Коррупциянинг энг хавфли ва юқори чўққиси бўлган, мамлакат суверенитети учун даҳшатли оқибатларни келтириб чиқарадиган бундай ҳолатларга қарши нормал давлатларда шафқатсиз равишда курашилади. Ҳукумат хизматчиларининг ва айниқса, регуляцияга оид ваколатларга эга топ амалдорларнинг олигархик гуруҳлар билан яқинлашиб кетиши қонун билан таъқиб қилинади. Ўзбекистонда оддийгина кўринган ҳолатларда ҳам, масалан, ҳукуматда регуляция функцияларига эга бўлган амалдорнинг ўша соҳадаги олигархик тузилмага ишга ўтиши ёки олигархик тузилмадаги менежерларнинг регуляторга айланишини чеклайдиган қонуний тизим ишлайди. Қаттиқ жазо маҳкамаси фаолият кўрсатади.

Содда қилиб айтганда, ҳукумат ва бизнес, айниқса, йирик бизнес ва олигархия чатишиб кетмаслиги ва якунда, мамлакат бойликларига қўшиб давлат мустақиллигини ҳам сотиб юбормасликлари учун Манфатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар қабул қилинади.

Ўзбекистонда ҳам шу каби қонун лойиҳаси бир минг бир марта таҳрир қилиниб, рандаланилиб, ўзларига мослаб, қуйи палатада кўриб чиқилганига бир ярим йилдан ошди.

Сенатда Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун маъқулланганига 10 ой бўлди. Шундан кейин қонун изсиз йўқолди. Эски Конституцияга кўра ҳам, "сеники, меники, бизники" қилиб қабул қилинган Конституцияга кўра ҳам, бу қонун аллақачон кучга кириши лозим эди.

Лекин қонун ҳалигача йўқ. Қонун қайси тумбочка ё сейфга яшириб қўйилганини Ўзбекистоннинг расман иккинчи одами Танзила опа ҳам билмайди.

Сиз айтишингиз мумкин, ҳа, ўша ўзларига мослаб, у ёғидан, бу ёғидан кесиб, думи юлинган товуққа айлантирилган қонун кучга кирди, нима, кирмади нима. Бир жиҳатдан тўғри, лекин ҳеч бўлмаса, Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонуннинг номинал тарзда бўлса ҳам мавжудлиги, олигархлар ичак чавоғигача ўзиники қилиб олган бўлиши мумкин бўлган чиновниклар, унга етакловчи ёки ишора берувчи битимлар ва ҳаракатлар ҳақида гапириш, ёзиш, жамоатчилик эътиборини чуқурлашиб бораётган муаммога қаратишга имкон беради.