Get Mystery Box with random crypto!

Маҳалла уюшмасига ўтказиладиган 1 кунлик Ҳашар пули қанча? Ҳа | bakiroo

Маҳалла уюшмасига ўтказиладиган 1 кунлик Ҳашар пули қанча?

Ҳашар пули Маҳаллалар уюшмасига ўтадиган бўлгани ҳақидаги хабардан кейин ўзбекистонликларга ўша 1 кунлик иш ҳақи Ўзбекистон миқёсида қанча бўлиши мумкинлиги қизиқ бўлса керак.

Албатта, бу ҳақда ҳеч қачон очиқ маълумот берилмаган, бундан буёғигаям берилмаса керак.

Лекин расмий статистикамиз маълумотларига таяниб, чамалаб кўришимиз мумкин.

Даромадлар статистикасига кўра, 2023 йилда аҳолининг умумий даромадлари 728.8 трлн.сўмни ташкил этган, бу сумманинг 29,7%и ёки 216,5 трлн.сўми ёлланма ишчиларнинг даромадлари ҳисобланади. Шунда ёлланма ишчиларнинг ўртача 1 кунлик даромади 721,5 млрд.сўмни ташкил этади (6 кунлик иш ҳафтаси мисолида).

Яъни, Маҳалла уюшмасига йиғилиши мумкин бўлган ҳашар пулининг потенциал миқдори шунча бўлиши мумкин. Лекин фармойишда таълим ва соғлиқни сақлаш ходимларидан 1 кунлик иш ҳақи ушлаб қолинмаслиги айтилган (қарори, сўзи ва амали турлича бўлган замонда "ихтиёрий" равишда ушланаётгани ҳолатлари бўлиши эҳтимоли йўқ эмас).

Шунинг учун, иш ҳақи статистикасидан ҳам фойдаланиб кўриш мумкин. Расмий статистикага кўра, 2023 йил якунлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 4 551,4 минг сўмни ташкил этган. Бу ўртача 3 101 127 ходимга нисбатан ҳисобланган, уларнинг 37,7%и таълим (ўртача ойлик 3 123,0 минг сўм), 16,9%и соғлиқни сақлашга оид (ўртача ойлик 3 002,6 минг сўм).

Ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлигидан ушлаб қолинмайди, деб икки соҳани чегириб ташласак ва қолганларга 6 кунлик иш ҳафтасини қўлласак, 1 кунлик иш ҳақи миқдори Ўзбекистон бўйича 355,6 млрд.сўмни ташкил этиши мумкин. Лекин бу сумма ҳам ҳақиқатни акс эттирмайди. чунки ўзбек статистикаси фермер хўжаликлар ва кичик бизнес субъектлари иш ҳақисини ҳисобга олмайди.

Демак, бизга маълум бўлгани шуки, Маҳалла уюшмасига ўтказилиши талаб этилаётган 1 кунлик иш ҳақининг энг ками 355,6 млрд.сўм, кўпи билан эса максимумда 721,5 млрд.сўм.

Лекин бизга ноаён бўлиб қолаётгани Ҳашар баҳона йиғилилаётган пулларнинг қандай ишлатилиши. Шу пайтгачаям, "Маҳалла" хайрия фонди бирон марта келаётган ва кетаётган маблағлар ҳақида, фонднинг молиявий натижалари борасида маълумотларни очиқламаган. Маҳалла уюшмаси Маҳалла хайрия фондининг анъанасини давом эттирса керак. Ахир миллиардлар сукунатни ва ёпиқликни яхши кўради. Қолаверса, қўл остидагилар сони Ўзбекистон армиясидан каттароқ бўлган уюшманинг улкан бюрократиясини сақлашга ҳам озмунча пул кетмайди. Балки энди ҳашарларни йилига 2 марта эмас, ҳар ойда ўтказишга тўғри келар.