Get Mystery Box with random crypto!

Уйғонган банкирлар баланд-баланд бинолар қуради Газетанинг ёз | bakiroo

Уйғонган банкирлар баланд-баланд бинолар қуради

Газетанинг ёзишича, Алоқабанк 40 млн.долларга Юнусобод бозори ўрнида ер остига икки қават, жами 8 қаватли қилиб бозор қуради. Ўзсаноатқурилишбанк эса 40 млн.долларга Яшнобод филиали ўрнида 21 қаватли осмонўпар бино бунёд этишга киришади.

Ҳукумат назоратидаги Алоқабанк ва Ўзсаноатқурилишбанкнинг бино қуришга иштиёқмандлиги биринчи марта эмас. Ҳар икки банк Тошкент ситида Хитой банкларидан олинган кредитлар ҳисобига қиймати 150 млн.долларгача етган бинолар қуришган. Норасмий хабарларга кўра банклар ситидаги биноларини сотиб, яна ўзлари шу биноларни ижарага олишлари ҳам мумкин. Шунингдек, мазкур банкларнинг Янги Тошкентда бинолар қуриш режалари мавжуд.

Банкларнинг кўчмас мулкка инвестициялари (бу нафақат қурилиш ва эгалик, кўчмас мулк ва қурилишга кредитларни, инвестициялар, бошқа қаттиқ харажатларни ҳам ўз ичига олади) молиявий самарадорликни кескин ёмонлаштирадиган омиллардан ҳисобланади. Шунинг учун Базель қўмитаси талаблари асосида Марказий банклар тижорат банкларини кўчмас мулкка ружуъ қўйишини тийиб туришга ҳаракат қилади. Чунки бундай фаолият нафақат банкнинг ўзи учун, бутун молия тизими учун баҳолаб бўлмас диспропорционал оқибатлар яратади.

Замонавий банкчиликда меъердан ортиқ бинолар ва кўчмас мулк банкларнинг бозор нархини оширадиган эмас, пасайтирадиган омил деб кўрилади (ҳар икки банкни хусусийлаштириш режалари мавжуд). Энг самарали банклар кўчмас мулкка эгалик қилмасдан фаолият кўрсатиш моделини ўзлаштиришган.

1 март ҳолатига, Алоқабанкнинг асосий воситалари ва бошқа кўчмас мулклари 2,5 трлн.сўмга яқинлашган (устав капиталидан 2,1 баробар кўп). Ўзсаноатқурилишбанкда 3,4 трлн.сўмдан ошган (устав капиталининг 74 фоизи).

Бу ҳисобга кўчмас мулк қийматига қўшилмаган харажатлар киритилмаган. Ўзи бу бўйича пруденциал нормативларнинг шаффоф ва тўғри ҳисобланишига кўз юмиб келинади.

Ўзбекистоннинг иккита йирик давлат банкининг мазкур режаларига нисбатан Марказий банкнинг муносабати маълум эмас.