Get Mystery Box with random crypto!

'Админреформа' харажатларни оширдими ё камайтирдими? 'Админре | bakiroo

"Админреформа" харажатларни оширдими ё камайтирдими?

"Админреформа" бошлангандаёқ у қандай тугашини, Паркинсон қонунлари мисолида амалдорлар рақиблари сонини эмас, ўзига бўйсунувчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилишларини, чиновниклар доим бир-бирлари учун иш ва лавозим яратишларини, ҳар қандай штат қисқартириши эълон қилиниши якунда штат кенгайиши ва бошқарув харажатларнинг ошиши билан якун топишини прогноз қилган эдик.

Амалда ҳам, афсуски, шундай бўлиб чиққан.

Эсингизда бўлса, ўзбекча "маъмурий ислоҳотлар" натижасида 2,8 трлн.сўм бюджет маблағлари тежаб қолиниши айтилган эди. Энг асосийси, тежалган пуллар ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилиши анонс қилинганди.

Қарангки, "Маъмурий ислоҳотлар" натижасида ўзбек чиновникларининг харажатлари 2,8 трлн.сўмга қисқариш ўрнига, 3,3 трлн.сўмга, 17 трлн.сўмгача ошган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви харажатларининг улуши 5,7%дан 6,0%га етган.

Бошқача айтганда, чиновниклардан тежалган пуллар соғлиқни сақлаш ё нафақаларга сарфланиш ўрнига, соғлиқни сақлаш ва нафақалардан қисилган пуллар чиновниклар фойдасига тақсимланган.

Бугун "Маъмурий ислоҳотлар"нинг бюджет маблағларини тежаш мақсадлари қандай бўлгани ҳақида ҳеч ким эслашни хоҳламайди. Келинг, мен эслатаман:

вазирлик ва идоралар штат бирлигини 30 фоизгача қисқартириш ҳисобига 2,4 триллион сўм;

ташкилот ва идораларни мақбуллаштириш ҳисобига бўшайдиган 300 дан ортиқ биноларни сотишдан 300 миллиард сўм;

раҳбар лавозимларини қисқартириш орқали тахминан 55 та автомобилларни аукционда сотиш ҳисобига 16 миллиард сўм;

ҳудудларга хизмат сафарларини қисқартириш, жойлардаги муаммоларни онлайн қабул ёки виртуал ташриф каби замонавий технологиядан фойдаланиш орқали қарийб 17 миллиард сўм;

давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига 22 млрд. сўм;

расмий тадбирларни ўтказиш бўйича харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 18 миллиард сўм.

Кимдир, "Маъмурий ислоҳотлар"нинг мазкур мақсадли кўрсаткичлари қандай ижро қилганини айтадими, ҳисобот берадими? Ё бўлди, ўрага сичқон тушди, гулдур-гупми?