Get Mystery Box with random crypto!

​Халқ томон юриш: Протекционизмдан воз кечиш 2022 йилнинг бош | bakiroo

Халқ томон юриш: Протекционизмдан воз кечиш

2022 йилнинг боши алғов-далғовли келди. Қўшни ва қардош Қозоғистондаги воқеалар қатор мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни тубдан ўзгартиришга, энг камида тузатишлар киритишга туртки бўлиши табиий.

Келинг, кутилаётган ўзгартиришларни "халқ томон юриш" деб атайлик. Ният шуки, бу юриш бир марталик ёки қийматини эртага барибир халқ тўлайдиган вақтинчалик ҳаракатлардан иборат бўлмаслиги лозим.

2016 йил сентябрдан буён кўп кутилган ва пировардида ҳамма учун ютуқли бўлиши керак бўлган ислоҳот - бу протекционизмдан воз кечиш ҳаракатидир.

Ўзбекистонликларни йиллар, ўнйиллар давомида камбағаллаштириб келаётган, айни вақтда саноқли корчалонларни чексиз бойитишга хизмат қилаётган протекционизмдан узил-кесил воз кечиш вақти ҳозир бўлмаса, яна қачон бўлиш мумкин?

70%гача, комбинациялашган тартиблар қўлланилганда 100%дан ҳам ошадиган импорт божларини мамлакатни ҳимоя қилувчи, рағбатлантирувчи эмас, жазоловчи ва хавф солувчи ўлароқ кўришга ўтишимиз керак.

Келинг, энг аввало божларни бож эмас, импортга солиқ дея қабул қилайлик. Кейин, импортга солиқларни рағбатлантирувчи функциясига кўпроқ урғу берайлик.

Ташқи савдо эркинлаштириш ва халқаро меҳнат тақсимоти ва жаҳон иқтисодиётининг бир қисмига айланмоқчи бўлсак, импортга солиқлар 0, 5 ва 10 фоизлик ставкалардан иборат бўлиши керак.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ё хизмат борки, импорт солиғи 0% бўлиши лозим.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, лекин бозоримизда улуши 50%дан ошмайдиган товар ва хизматлар бўйича импорт солиғи 5%дан ошмаслиги зарур.

Ва ниҳоят, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, лекин ички бозоримизда улуши 50%дан зиёд товар ва хизматлар 10%лик импорт солиғига тортилиши керак. Бўлди.

Албатта бу тасниф шартли. Лекин нима бўлганда ҳам импортга солиқлар кўпи билан учта ставкада ва 10%дан ошмайдиган тарзда қўлланилиши даркор. Протекционизмдан воз кечиш айни вақтда шу пайтгача тақдим этилган имтиёз ва преференциялардан ҳам тўлиқ воз кечиш лозимлигини англатади.

@the_bakiroo