Get Mystery Box with random crypto!

Номзодлардан учтаси сайловолди дастурида ҳатто Конституция сўз | bakiroo

Номзодлардан учтаси сайловолди дастурида ҳатто Конституция сўзини ишлатмаган: Акмал Саидов ёлғончи эмас, деб умид қиламан

Акмал Саидов "Конституциявий ислоҳотлар — давр талаби" деган мақола билан чиқиш қилипти.

Иқтидорда ким бўлишига қарамай, ҳар қандай сиёсий жараён ва ҳаракатларни Конституциявий эканини исботлаб беришга тайёрлигини ҳамиша намойиш этадиган Акмал Саидов мақоласини "Ўзбекистон Президенти сайловида барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифи илгари сурилган эди" дея бошлаган.

Акмал Саидовни билмадим, Сайлов кампаниясини мунтазам ва қолдирмай кузатиб борганим учун, биронта номзод Конституциявий ислоҳот ҳақида сўз очганини эслай олмадим, қидирдим, топа олмадим. Агар ҳақиқатан шундай бўлса, номзодларнинг бу ҳақдаги чиқишлари видеоси ёки контенти кўрсатилса, яхши бўларди. Ҳарқалай Акмал Саидов ёлғончи эмас, деб умид қиламан.

Унгача, келинг номзодларнинг Сайловолди дастурлари билан танишайлик, ахир, агар улар Конституция ислоҳотларини режалаштирилган бўлишса, фавқулодда муҳим режа ўлароқ, бу дастурларида албатта акс этиши керак эди.

Энг аввал ғолибдан бошлаймиз.

Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури. Конституция сўзи ишлатилмаган.

Иккинчи ўрин соҳибаси Максуда Варисованинг сайловолди дастури. Бир марта Конституция сўзини ишлатган, лекин амалдаги Конституцияни назарда тутган.

Учинчи ўрин эгаси Алишер Кадировнинг сайловолди дастури. Кадиров Конституциявий ислоҳот ҳақида умуман сўз очмаган, лекин Конституцияга 3та ўзгартириш киритишни таклиф этган:
1 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий урф-одатлар, анъана ва халқимизда шаклланган қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарлик билан боғлиқ нормалар билан тўлдирилади.
2. Ўзбекистон Конституциясига мамлакат суверенитетига таъсир кўрсатадиган ва миллий қадриятларни камситадиган лойиҳаларда иштирок этишни таъқиқловчи норма киритиш ташаббус қилинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида нафақат иқтисодий манфаатлар, балки қадриятларга мос бўлмаган ҳар қандай иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳамкорликларга йўл бермайдиган норма акс эттирилади.

4- ўрин эгаси Нарзулла Обломуродовнинг сайловолди дастури. Конституция сўзи ишлатилмаган.

5- ўрин эгаси Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури. Конституция сўзи ишлатилмаган.

Бирорта номзоднинг сайловолди дастурида Конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапирилмаган бўлса, унда қайси учрашувда қайси сайловчи ўзидан-ўзи чиқволиб Конституцияни ўзгартирайлик деган экан. Жуда қизиқ.

Қайтараман, агар номзодлар сайлов кампанияси давомида бирон учрашувда Конституциявий ислоҳотлар ҳақида режалари билан ўртоқлашган бўлса, марҳамат, бу ҳақдаги асосли далиллар очиқланиши керак.