Get Mystery Box with random crypto!

Сангинов раҳбарлигидаги структуралардан электр 2 баробаргача қ | bakiroo

Сангинов раҳбарлигидаги структуралардан электр 2 баробаргача қимматига сотиб олинади

Янги қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг бир киловатт-соати 675 сўмгача нархда кафолатланган тарзда сотиб олинади.

Ўзбекистонда гидроэлектр станцияларда электр генерацияси ва ГЭСлар қурилиши фаолиятини ўзида жамлаган “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ҳисобланади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳозирда Сардоба сув омборида, Қуйи Чотқолда, Пскем дарёси бўйида ГЭСлар барпо этмоқда. Барча ГЭСларнинг пудратчиси “TO’PALANG HPD HOLDING” МЧЖ ва у билан чатишиб кетган структуралардир. МЧЖнинг бош директори Абдуғани Сангиновнинг ўғли Ислом Абдураҳмонов.

Дарвоқе, Тўпаланг сув омборидан Сурхондарё туманларига ичимлик сув етказиш мегалойиҳасини ҳам ота-боланинг давлат-хусусий аралаш структуралари амалга оширишмоқда. Тендерсиз албатта.

Табиийки, сизда савол туғилади, ахир ўзинг эркин нархлар ва очиқ бозор тарафдори эдинг-ку. деган. Тўғри. Лекин бу очиқ бозормас-да. 1,5 баробарлик тариф, кафолатланган 675 сўм қаердан келди, шуниси ғалати.

Айниқса, қарор бўйича янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станцияларидан генерация бўлган энергияни 360 сўмдан сотиб олиш кўзда тутилгани ҳисобга олинса.

Бошқача айтганда Сангинов раҳбарлигидаги қурилганига ўнйиллар бўлган ГЭСлардан 675 сўмдан, миллиардлаб инвестиция эвазига янги қурилган шамол станциясидан эса 360 сўмдан электр сотиб олинади.

Қарорнинг туб мақсади тўғри, лекин унинг моҳияти бузуқ, механизми нотўғри. Рақобатни, бозорга кириб борилмай туриб бозор қадриятларини ўлдиради. Фақат айрим дўст тоифадагиларни қўллайди. Қолган ҳамма зарар кўради, албатта юклама охири бориб истеъмолчига тушади.

Нега очиқ танлов қилиш мумкин эмас? Ахир бу мумкинку? Сангинов структуралари ҳам қатнашсин эди, агар таклифлари рақобатли бўлса майли 675 сўмдандан кўтарса, сотиб олинсин эди.

Охирида иккита савол:

Биринчиси, 675 сўмдан олинган энергия кимга ва қандай нархда сотилади?

Иккинчиси, Сангинов қандай хизматлар кўрсатганки, унга шунчалар ҳомийлик ва валийнеъматлик кўрсатилади? У шунчалар ҳимоя ва имтиёзларга муҳтож одамми?

Ҳа айтгандай, агар электр энергияси бозорини шакллантириш ва эркин нархларга ўтиш бўйича ислоҳот шу бўлса, мен бундай ислоҳотга қаршиман.

@the_bakiroo