Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон электр энергияси энг арзон давлатлар рўйхатида. Бу | bakiroo

Ўзбекистон электр энергияси энг арзон давлатлар рўйхатида. Бу ёмон, жуда ёмон

Ўзбек ОАВлари Британиянинг Cable портали маълумотлари асосида энг арзон электр энергиясига эга давлатлар рейтингида Ўзбекистон 7-ўринни эгаллаганига эътибор қаратишди. Негадир ўқувчилар орасида ва шарҳларда бу маълумот ижобий контекстда қабул қилинди. Аслида тескариси бўлиши керак эди.

Келинг рўйхатга қараймиз. Осон бўлиши учун электр энергияси биздан ҳам арзон мамлакатларга кўз югуртирамиз.

Рўйхатни Ливия бошқариб турипти. Уруш ва ўзаро низолар гирдобида қолган, марказий ҳукумати фақат пойтахтни назорат қиладиган Ливия. Электр энергияси 0,7 цент (75 сўм). Электр истеъмоли бўйича охирги маълумотлар 2014 йилга тегишли: Жон бошига 1,8 минг квт.соат.

Кейинги ўринда Ангола. Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан. Электр энергияси 1,3 цент (140 сўм). Жон бошига 300 квт.соат энергия истеъмол қилинади.

Учинчи ўринда Судан. Парчаланиб кетган мамлакат. Электр энергияси 1,4 цент (145 сўм). Жон бошига 190 квт.соат электр ишлатилади.

Биздан юқори ўринларни эгаллаган Қирғизистон, Тожикистон ва Зимбабве ҳам жон бошига ЯИМда, ҳам электр истеъмолида биздан ортда қолган. Маълумот учун жон бошига ЯИМ Ўзбекистонда 1700 доллар, жон бошига электр истеъмоли эса 2 минг квт.соат атрофида.

Кўраяпсизки, биз энг қашшоқ давлатлар рўйхатидамиз.

Электр энергиясининг арзонлиги мамлакатда энергия генерациясини рағбатлантирмайди. Бирон бир инвестор энергия генерациясини ошириб даромад топишдан манфаатдор бўлмайди. Табиийки. иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди. Электр истеъмоли энг паст даражада қолаверади.

Занжир айланиб-айланиб шундай вазият юзага келадики, электр арзон, керак бўлса дунёда энг арзон, лекин ўша электрнинг ўзи бўлмайди.

Энергия генерациясини ошириш учун тарифларни дунёда энг қиммат даражага олиб чиқиш шарт эмас. Лекин ўзаро рақобатлашадиган ва минтақавий давлатларга нисбатан қимматроқ афзаллик яратилиши керак.

Масалан, электр Қозоғистон, Россия ва Озарбойжонда Ўзбекистондан 1,5-2 баробар қимматроқ. Ваҳоланки саналган мамлакатлар энергия генерацияси учун биздан кўра кўпроқ табиий ресурсларга эга. Ўз-ўзидан инвесторлар энергия генерацияси лойиҳалари учун Ўзбекистонни танлаши қийин бўлади.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратмаса бўлмайди. Электр энергияси арзонлигидан камбағаллар эмас, бой қатламлар манфаатдор бўлади. Яъни арзон, нобозор электроэнергия ижтимоий тенгсизликни янада кучайтиради.

Ҳозир шу сатрларни Тошкентда ўтириб ёзаётганда, балки бозор қиймати 350 сўм бўлган электрни 295 сўмдан ишлатиб фойдаланмоқдаман. Яъни камида 55 сўмдан субсидия олмоқдаман Лекин қишлоқда қолган қўли калта дўстим, имконияти чекланган қариндошим ё ўқувчи жиянларим чироғи ўчган қоронғу уйда ўтиришга мажбур. Энди буни мамлакат миқёсида ўзингизга тасавур қилинг.

Свети ўчмайдиган ёпиқ маҳаллада, саройда яшайдиган, ойига 10 минг киловат электр ишлатадиган миллиардерга давлат турли каналлар орқали ойига 550 минг субсидия бермоқда. Солиштириш учун: Иш стажи бўлмаган нафақахўрларнинг нафақаси ҳам шунча эмас.

Яъни, арзон электр тарифлари билан биз камбағалларни жазолаб, бойларни рағбатлантираяпмиз.

Ҳозирги сиёсатимиз қанчалар кемтик экани ҳақида мана бу ерда батафсилроқ ўқишингиз мумкин.

Шундай экан электр масаласида очиқ бозор ва эркин нархлар платформасига қанча тез ўтсак, шунча яхши. Иқтисодий ўсиш учун ҳам, ижтимоий тенглик учун ҳам.

@the_bakiroo