Get Mystery Box with random crypto!

​​Ўзбек халқи, Ватанимиз мусулмонлари учун хушхабар! Азизлар | Temurbek Adhamov

​​Ўзбек халқи, Ватанимиз мусулмонлари учун хушхабар!

Азизлар, устозимиз, ҳадис фанлари доктори, шайх Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳуллоҳ бугун 6 – апрел 16:40 да Тошкент аэропортига қўнадилар.

Албатта, шайх Сайфуллоҳ Носирни кўпчилигингиз яхши танийсиз.

Шайх Сайфуллоҳ Носир нафақат ўзбеклар орасида, балки собиқ совет юртлари фуқаролари орасида биринчилардан бўлиб араб университетларида, бўлиб ҳам Мадина Ислом университетида докторлик даражасини қўлга киритган ўзбек уламоларидан.

У зот чорак аср юртдан узоқда Мадинаи Мунавварада ҳадис илми билан шуғулланиб, кўплаб қадимий қўлёзма ва асарларни тадқиқ қилишда иштирок этиб, шу билан бирга юзлаб талабаларга устозлик қилиб келдилар.

Юртимизда сўнгги йилларда исломий илмларга, хусусан, ҳадисшуносликка эътибор ортиб бораётганидан қувониб, шайх Сайфуллоҳ Носир ватанга қайтишга хайрихоҳлик кўрсатиб келаётгандилар. Ватанга қайтиб, ўз илмлари билан яхшиликларга сабабчи бўлиш орзусида эканларини расмий саҳифаларида эълон қилгандилар.

Шайх Сайфуллоҳ Носир кеча тунда касалликдан даволаниш учун Туркияга учгандилар, ҳужжатларидаги баъзи камчиликлар сабаб ортга қайтарилдилар, бироқ Саудияга қайтиб кириш учун ҳам етарли ҳужжатлари бўлмагани сабабли, Ўзбекистонга учадиган бўлдилар…

Шайх Сайфуллоҳ Носир ҳам пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зурриётлари ўлароқ, ҳам ўзбеклар фахри, истиқлол курашчиси бўлган Носирхон Тўра набиралари ўлароқ халқимиз учун омонатдир.

У киши кўп йиллар давомида олган билимлари билан миллат ва ватанга яхшилик улашишни истаган, ўзларининг мўътадил фикрлари билан кўпчиликка йўлбошловчи бўлган муҳаддис, олим зотдир.

Аллоҳ таолодан сўраймизки, шайх Сайфуллоҳ Носир устознинг сафарларини бехатар қилсин, жуда узоқ йиллик айрилиқ ортидан Ватанларига қайтяптилар, ҳеч қандай муаммоларсиз оилалари бағрига етиб олишлари осон бўлсин.
Устознинг Ватанга қайтишлари юртимиз мўмин – мусулмонлари учун рамазон туҳфаси ўлароқ қабул қилинсин!

Маҳмуд Усмон

https://t.me/MahmudUsmon