Get Mystery Box with random crypto!

Аскарлар иш эълони орқали топилаяптими? Россиянинг Украинага б | ТАЯНЧ - TAYANCH

Аскарлар иш эълони орқали топилаяптими?
Россиянинг Украинага босқинидан бир неча ҳафта ўтибоқ ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мигрантларни катта пул эвазига урушда қатнашишга жалб қилиниши борасидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кўрина бошлаганди.

Бу борада Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга бир неча марта мурожаат билан чиқиб, уларни огоҳликка чақирди.

Ўтган ҳафтада MediaHub канали «ЧОПда иш. Россия хусусий ҳарбий компаниялари Марказий Осиёда ёлланма аскарларни қандай қидирмоқда?» номли видеолавҳани эълон қилди. (ЧОП - хусусий қўриқлаш ташкилоти)

Унда қирғизистонлик журналист Арген Бахтибек ўғли ижтимоий тармоқларда Марказий осиёликлар учун юқори маош таклиф қилинаётган айрим шубҳали эълонларни текшириб кўришгани ҳақида сўз боради.

Журналист текширувлари баъзи ахборот каналларида берилган эълонлар ўрганилганида, Ўзбекистон ва Қирғизистондан фуқароларни юқори маош эвазига Россия томонидан Украинадаги урушда аскарликка ёлланиш таклифига бориб тақалганини кўрсатади.

Масалан, қўриқчилик бўйича берилган бир эълондаги телефон рақами эгаси билан суҳбатда қўриқчилик вакансияси тўлгани, унинг ўрнига икки баробар кўп маош тўланувчи «иш» - аскарлик таклиф қилинади ва унинг шартлари ёзма равишда юборилади.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги "Шу муносабат билан, юртдошларимиздан хорижда иш таклиф этилаётган норасмий эълонларга ишонмасликни сўраймиз", дея мурожаат қилди.

- "Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган" - дейилади агентлик мурожаатида.