Get Mystery Box with random crypto!

Ташланиши керак бўлган иккинчи қадам... Мана кечадан бери жур | TashkentPost

Ташланиши керак бўлган иккинчи қадам...

Мана кечадан бери журналист Анора Содиқованинг президент спичрайтери ҳақида ёзган пости жамоатчилик диққат марказида турибди. Унда Хайриддин Султонов журналистга “қора қуюн” юборгани айтилиб, батафсил маълумот берилиши анонс қилинди. Жамоатчилик эса журналистни ҳар қанақасига қўллади. Биргамиз деди. Петициялар имзолаш бошланди. Мен ҳам қўлимдан келган барчасини қилдим. Улашдим, тарқатдим, фикрларини ҳурмат қилдим. Вазифамни бажардим, деб ўйлайман. Кўпчилик блогерлар, журналистлар ўз ишини қилди. Энди навбат Анорага. У тўлиқ материални эълон қилиши керак.

Шу йилнинг 30 январь куни ЎзАда Аноранинг “Бемор болаларга деб пул йиғаётган блогер ва “элпарварлар” маблағни қаерга сарфлашмоқда?” номли мақола анонси эълон қилинди. Интрига қилинди. Ҳамма қизиқди. Лекин анонсдан кейинги мақолани тополмадим. Сабаби бор экан. Сабабини ўзи ҳам айтиб қолар. Ўзи анонсга не ҳожат? Агар материал эълон қилинмаса, шов-шувдан мақсад нима? Шунингдек, анонс қилинган яхши материалнинг эълон қилиниши унинг цензурага учраш фоизини орттиради. Энг ёмони, бу усулдан кўпчилик “шантаж” сифатида фойдаланишга ўтиб кетиши мумкин.

Асосий материалнинг эълон қилишидан фақат ва фақат Анора ютади. Биз ҳам охиригача туриб беришга тайёрмиз. Аммо ваъда бажарилмаса, Анорага жамоатчиликнинг ишончи сўниши мумкин. Хаёлимда ҳалиги эртак: бир инсон икки марта “уйим ёнди” деб дод-вой солади, ҳамма унга ёрдамга беришга шошилади. Одамлар унинг уйи ёнмаганини кўргач, ҳафсаласи пир бўлади. Учинчисида ростан ҳам ёнади. У бечора роса бақиради. Лекин одамлар унга ишонишмайди. Ёрдамга боришмайди. Анора ҳам шу ҳолатга тушиб қолмаслигидан қўрқаман-да... Шу вақтгача Хайриддин Султонов ҳақида яхши гап эшитмаганман. Лекин журналист асослаб берса яхши бўларди. Жамоатчилик жим турмади. Галги қадам журналистдан. Қани кутайликчи, анонсда айтилган ваъда ҳурмати битта материал эълон қилиб қолар...