Get Mystery Box with random crypto!

“Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. Энг | Toshkent shahar pedagoglarni yangi metodikalarga o‘rgatish milliy markazi

“Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ" — Президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтди.

"Бу ерда содир бўлган нохуш воқеалар барчамизда ташвиш ва изтироб уйғотиши табиийдир.

Нукус шаҳрида юз берган воқеалар натижасида, афсуски, бир қанча фуқаролар ҳалок бўлди ва жабр кўрди.

Шу муносабат билан ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман.

Мана шундай дақиқаларда тинчлик ва инсон ҳаёти нақадар бебаҳолигини, уни асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини, бунга барчамиз масъул эканимизни янада чуқур ҳис этамиз.

Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас.

Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган.

Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган.

Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда.

Бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарур.

Шунинг учун, Бош прокурор Н.Йўлдошевга топшириқ ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилсин ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилсин.

Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин".

Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ.

Иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд. Деҳқонлар ўз даласида ишламоқда, пешона тери билан яратган ҳосилларини йиғиштирмоқда.

Бозорлар, дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан бу ерга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари томонидан ҳудудда барқарор вазиятни таъминлаш бўйича уюшган ва мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилмоқда", — деди Президент Шавкат Мирзиёев.


Facebook|Instagram|Twitter