Get Mystery Box with random crypto!

#тавсия Ўзбекистонда Бобурга, унинг ортидан эса Бобурийларга | TARIX FANIDAN OLIMPIADAGA TAYYORLANAMIZ

#тавсия

Ўзбекистонда Бобурга, унинг ортидан эса Бобурийларга нисбатан шаклланган муҳаббат шу даражага етганки, ҳатто бошқа давлатнинг ўтмиши бўлган сулола тарихини ҳам романтизация қилиб, “миллийлаштириб”, бўрттириб юборишади. Масалан, Бобурийлар бутун Ҳиндистонни уч асрдан кўпроқ вақт мобайнида бошқариб, кейин инглизларга мағлуб бўлган, деган тасаввур шаклланиб қолган.

Аслида Аврангзеб Оламгирдан сўнг (1707 йилдан кейин) Буюк мўғуллар империяси анча кучсизланиб қолган эди. Кейинги бир неча ўн йилликда Бобурийлар тўпланган қудрат ва ресурс ҳисобидан жуда бой яшади, лекин бу турғунликка олиб келди, йирик урушларни кўрмаган, ҳашаматли ҳаётга ўрганган авлод улғайди; болалигидан бойликда ва тинчликда ўсган шаҳзодалар буюк боболаридай қаҳрамонликлар кўрсатишга тайёр эмас эди. Оқибатда XVIII асрга келиб Бобурийлар амалда ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмай қолди. Уларнинг ерларида кўплаб мустақил давлатлар вужудга келди. Декан минтақасида қатор мусулмон султонликлари ташкил топди. Панжобда сикҳ қабилаларининг мисллари – мустақил қабилавий давлатлари тузилиб, кейинчалик ягона конфедерацияга бирлашди. Маҳараштрада эса маратҳ қабилалари кучайиб, йирик конфедерацияга айланди ва улкан ҳудудларни эгаллаган давлат яратди. Анчадан буён биринчи марта ҳиндлар мусулмонлардан устун келиб, уларни жангларда енгиб, бож ундира бошлади. Маратҳлар ҳатто Деҳлини эгаллаб, Бобурийлардан сохта шоҳлар тайинлай бошлади. Кейинроқ Деҳли тахти йўқ қилинди, сохта шоҳлар тайинлаш тўхтатилди. Энг қизиқ факт шундан иборатки, инглизлар Ҳиндистон учун Бобурийларга қарши эмас, биринчи ўринда маратҳларга қарши курашган эди. Ҳатто уруш учун баҳоналардан бири Бобурийлар ҳокимиятини тиклаш бўлган эди. 1800-йиллар бошида маратҳлар бутунлай енгилгач, инглизлар Деҳли тахтини тиклаган ҳам.

Хуллас, XVIII аср ўрталарида Ҳиндистонда кўплаб давлатлар тузилиб, ресурс учун ўзаро курашга киришиб кетган эди. Бобурийлар бу курашда энг пассив ролда эди. Ички курашлар натижасида кучсизланган Ҳиндистон давлатлари ташқи агрессияга қарши тура олмаган. Ташқи агрессоралр фақат инглизлар, французлар, португаллар эмас лекин. Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Афшор 1739 йилда Деҳлини эгаллаган. Буюк давлат арбоби, Афғонистон асосчиси Аҳмадшоҳ Дурроний эса 1761 йилда Ҳиндистон ичкарисигача кириб бориб, маҳаллий мусулмонлар (билужлар, Роҳилл пуштунлари, баъзи мусулмон давлатчалар) кўмагида маратҳлар ва сихкҳларни оғир мағлубиятга учратган.

1761 йилда бир томондан Аҳмадшоҳ Дурроний бошчилигидаги пуштун, билуж ва ҳинд мусулмонлари, бошқа томондан Садашив Рао бошчилигидаги маратҳ ва сикҳ қўшинлари (ва мусулмон давлатчаларининг бир гуруҳи) ўртасида рўй берган муҳораба XVIII асрнинг энг йирик жангларидан бири ҳисобланади. Жанг, шунингдек, бир кунлик қурбонлар миқдори (мусулмонлардан 20 минг, ҳиндлардан камида 40 минг) ҳамда жангда ҳалок бўлган ҳарбий зобитлар сони бўйича ўзига хос антирекорд ўрнатган.

Бу муҳораба Учинчи Панипат жанги дейилади. Биринчиси 1526 йилда Бобур ва Иброҳим Лудий ўртасида, иккинчиси эса 1556 йилда Акбаршоҳ ва Лудийларнинг ҳинд саркардаси Ҳему Чандра Викрамадитья ўртасида рўй берганди.