Get Mystery Box with random crypto!

Экстремизм, фанатизм, радикализм ҳамма динларда мавжуд ва була | Tarixiy Faktlar

Экстремизм, фанатизм, радикализм ҳамма динларда мавжуд ва булар одамларнинг билим доираларини йўққа чиқариб, ҳокимиятни эгаллаб, кўр-кўрона итоатга ундайди ва ўз издошларидан автомат сифатида фойдаланади. Кўр-кўрона диний фанатикларга эргашиб кетиш, мутаассиблик, жоҳиллик ва фаросатизлик диний эътиқодга ёки тақвога эмас, кишининг дунёқарашига боғлиқ.

Толерантлик билан қарай олиш учун одамда бағрикенглик ҳисси бўлиши керак, бу ҳис эса юзлаб китоблар ўқиган одамда пайдо бўлади. Бизда демократик давлат тизими бўлиб, у қонун билан дин ва давлат ўртасига ажратиш деворини қўйган, бу эса жамиятда ва давлатда барқарорликни таъминлайди. Биз полиэтник мамлакат сифатида хилма-хил маданият ва эътиқод эгаларимиз (бизда 130 хил миллат ва 5 хил элатлар истиқомат қилади). Ҳеч қачон инсоннинг эътиқоди жоҳилона ҳурофотни ва ҳаддан ташқари зўравон фанатизмни келтириб чиқарадиган темпда бўлмайди. Дунёвийликдан жирканиб, ўзини мавжуд тузумдан ажратиш ва бошқаларни ҳам бунга ундаш — фақат ва фақат ёмон оқибат келтириб чиқаради. Ўз қарашларига эга бўлган мусулмон юртдошини у билан бир хил фикрда бўлмагани учун атеистликда айблайдиган, эркин фикрга тоқатсиз, ичидаги барча салбий ҳиссиётларини эътиқоди ўзгача инсонга сочаётган ва яна камига давлатдан демократия ва эркинлик талаб этаётган айрим гуруҳлар ўзини ва қалбини ислоҳ этиб олса мақсадга мувофиқ бўларди.

Вируслар танаси касал бўлганларга кучли таъсир қилади, зомбилик эса мантиқан заиф бўлган мияларга зарба беради. Миссионерлар ёшларни, кўнгли бузилганларни ва ўлаётганларни нишонга олишгани каби, фанатиклар, экстремистлар ва ақидапарастлар ҳам заиф одамларни нишонга олиб, ўзларининг ғаройиб таҳлиллари ва ваъдалари билан таъсир ўтказишади.

Китоб, маданият, қонун, тарих кечинмаларини таҳлиллаган одамгина ҳар қандай маънода тўғри хулосани ясай олади. Ҳақиқат шундаки, сиёсий лидер бўлган одам диний лидер бўла олмайди ва бундай персонажлардан диний лидер ясаш қимматга тушади.

Бизнинг замонамизда минтақаларда уруш чиқариш мотиви сифатида биз эътиқод қиладиган ислом динимиздан фойдаланишлари бизни кўпроқ ҳавотирга солиши керак, аслида. Уруш бўлаётган ерларни тасаввур қилганимизда кўзимизга болалар ва аёллар, тинч аҳоли, бегуноҳлар келиши бизни турли чақириқларга учиб кетмаслигимизга сабаб бўлади. Барибир, охирида мағлубиятга учрашимиз билан тугайдиган жараёнлардан фақат ақл билан чиқа олишимиз ва миямиздаги бўшлиқни китоб билан тўлдиришимиз керак.


Imaginative Girl


«Файзбоғ» телеграм каналига аъзо бўлинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEL3NfcSopuzcfwL-w