Get Mystery Box with random crypto!

​​Тилимдан танийсиз. Ботир бугун ҳам чегарадан ўтолмади. Бол | ⏳TAQDIR IZMIDAN⌛️

​​Тилимдан танийсиз.

Ботир бугун ҳам чегарадан ўтолмади. Боласини етаклаган аёллар, қарияларни ўтказдилар.
Ҳозир унинг учун ягона бахт - шу кўзига совуқ кўринадиган қалъа ортига ўтиб олиш.
«Яна янгилар келяпти, ҳали -вери уйимга етолмайман шекилли», ўйлаб, кайфияти тушди.
Коллежни битиргач, у ер- бу ерда ишлаб юрди, топган пули негадир бебарака эди. Кўнгли тўлмасди. Ошпазга шогирд тушди, биноийдек қўли келишиб қолди. Ошхона эгаси қўли остидагиларни қаттиқ ишлатади. Ҳам жисмоний меҳнат, ҳам босим остида тунги 11 гача ишлайди. Оёқлари қавариб кетади. Баъзида эртанги масаллиқларни тайёрлаб бўлгунча соат 12 бўлиб кетади. Шунча меҳнат қилиб 50 минг сўм олиб келади. Уйидагиларга беради. Боши ёстиққа тегиб-тегмай уйқуга кетади. Эрта тонгдан яна иш.
Ўртоғи Достон Қозоғистонга ишлашга кетамиз деб қўймади. «Зўр пул топамиз, келиб машина оламиз, уйланамиз!»
Улар Қозоғистоннинг пойтахтига амаллаб етиб бордилар. Қизиғи, одамлар ўзаро русча гаплашади. Жанубдан ишлашга келганларигина қозоқча гапирадилар, майлида, ўзбекчага яқин...
Мусофирликнинг нонини ейиш қийин бўлсада, уларга омад кулиб иш топиш унча қийин бўлмади. Иккаласи иккита ошхонага жойлашди. Бешбармоқ тайёрлаш учун хамир ёядилар.
Келганига олти ой ўтмай ўртоғи Ўзбекистонга кетди. Онаси бетоб эди, оғирлашиб қолибди. Шу кетганча қайтиб келмади...
Бу йил қўшни бўлсада масофаси олис бу юртда ишлаётганига уч йил бўлди. Дунёга вабо тарқалгач,
ошхона ёпилди. У ҳам тадоригини кўриб Ўзбекистон чегарасига етиб келди, аммо мана бир ҳафтадан бери ўтолмаяпти.
Кун ҳам исиб кетган. Жазирама. Йўлхалтасини бошига қўйиб осмонга термулди. Бир тўп каптар шундоққина чегара деб аталмиш улкан бино тепасидан учиб ўтиб кетди.«Қанотларим бўлганида эди...» хўрсинди. Қушларга ҳаваси келди. Ўзини янаям ожиз ҳис этди.
Мана уч кун бўлди, ичига иссиқ овқат кирмади. Илк келган кунлари у-бу сотиб олиб танаввул қилаётган эди, пулининг ҳам таги кўриниб қолди. Ҳар куни қаердандир, кимлардир қозон-қозон ош , сув олиб келиб тарқатади. Унга насиб қилмайди. Ёпирилиб бораётган одамларни кўриб тисарилади. Негадир ийманади.
Тушлик пайти бўлди шекилли, ҳамма ғимирлаб қолди.
Бугун ҳам учта катта қозонни юк машинадан туширдилар...
«,Бормайман, оримни солиб ош оламанми?» Тепаликка қараб йўл олди у. Шу пайт кимдир елкасидан оҳиста туртди. Башанг кийинган, кўзлари қийиқ, истараси иссиқ йигит бир қўлида ош, бир қўлида сув, нон кўтариб жилмайиб турарди
-Ассалому алайкум. Ошдан олинг, биродар,- деди у соф ўзбек тилида.
-Раҳмат!-деди Ботир. Унга таом берган йигит баланд тепалик устига чиқиб олди. Ўктам овозда шеър ўқий кетди
Она тилим, онажоним тили бу
Бешикданоқ сингган жону-қулоққа
Элу юртим, хонумоним тили бу
Қадимликда ўхшар она тупроққа...
Атрофни ўзбек муҳожирлари ўраб олар, саф кенгайиб борар, қийиқ кўзли йигит завқ-шавқ билан Миртемирнинг машҳур, халқона шеърини ўқирди. Бир пайт секин -аста бошқалар ҳам унга жўр бўла бошлади. Шеърнинг охирги бандларини деярли барча жўр бўлиб айтди.
- Азизлар, биз қозоғистонлик ўзбеклармиз! Мени ташқи кўринишимдан ҳеч ким ўзбек демайди, лекин тилимдан таниб келдингиз. Миллатдошларим, шу кунгача қозоғистонлик ўзбеклар баҳоли қудрат сиз билан ўз насибаларини бўлишдилар. Биз розимиз, рози бўлинг. Биз ҳар куни келяпмиз, яна келамиз. То ота юртга етиб олгунингизча топганимизни сизга илинамиз!
Ботирнинг томоғига бир нарса тиқилиб, бўғзини куйдира бошлади, сўнг аччиқ, қайноқ ёшлар кўзидан оқиб туша бошлади...
У ҳозиргина дунёдаги энг гўзал, энг меҳрибон тил - ўзбек тили экан деган қарорга келди...

Феруза Салходжаева

ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА