Get Mystery Box with random crypto!

5 йил педагоглик стажига эга ўқитувчилар қабули ҳақида #abitur | Talim Yangiliklari | OLIY TA'LIM VAZIRLIGI

5 йил педагоглик стажига эга ўқитувчилар қабули ҳақида
#abituriyent

Аввал хабар берганимиздек, Давлат қабул комиссиясининг 1-сон баёни билан 2022-2023-ўқув йилида умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ва олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ҳамда камида 5 йил педагоглик стажига эга бўлган ўқитувчилар педагогика ОТМларида бакалавриатнинг сиртқи таълим шаклига тўлов-контракт асосида қабул қилиниши белгиланган.

Унга кўра камида 5 йил педагоглик стажига эга бўлган ўқитувчилар учун 14 та педагогика ОТМларида жами 1000 та мақсадли квота ажратилган.

Бу қабул қандай бўлиши ҳақида мана бу ерда батафсил тушунтирган эдим. Бунда энг асосий жойи шундаки, ушбу мингта квота ўқишга кира олмаган педагоглар учун. Агар ўзининг кучи билан ўқишга кирганлар бўлса, улар ўша кирган ОТМда ўқийверади.

Кўпчилик ўқитувчилар ушбу масалада мурожаат қилиб, биздан ҳеч ким ҳеч нарса сўрамаяпти, мана шу мингта квотага қабул қачон бўлади, деб сўрашмоқда.

Шу сабабли яна бир марта қисқа тушунтиришга ҳаракат қиламан. Демак, ушбу қабул қуйидагича ташкил этилади:

5 йил стажга эга ўқитувчилар ҳеч қаерга ҳужжат топшириши ёки ариза бериши шарт эмас;
Халқ таълими вазирлиги 5 йил стажга эга педагоглар рўйхатини шакллантирган. ДТМдан ўша рўйхат асосида ўқишга кира олмаган ўқитувчилар неча балл олганининг маълумотини олишган. Ҳозир энди ушбу маълумотларни саралаш ва яна бир марта текшириш жараёни кетмоқда;
Йиқилган ўқитувчилар мақсадли квота доирасида баллар кетма-кетлигида ўқишга тавсия қилинади. Яъни жайдари тилда айтганда, ўқишдан йиқилган ўқитувчилар орасида энг кўп балл олган 1 минг нафар 5 йил стажли педагоглар қўшимча квотага ўқишга қабул қилинади.

Яна қайтараман, бу жараёнлар тугагунга қадар ўқитувчилар ҳеч қаерга ҳужжат топшириши, кимларнингдир эшигида сарғайиши, кимлардандир илтимос қилиб ялиниши шарт эмас. Барчасини Халқ таълим вазирлиги ва Давлат тест марказининг ўзи қилади.

Жавоблар қачон аниқ бўлади?

Кимлар кирганининг жавоблари сентябрь ойининг охири - октябрь ойининг бошларида чиқиб қолса керак. Ушбу мингта квота фақат сиртқи таълим шакли учун берилишини ҳисобга олсак, бу ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Сиртқидагиларнинг ўқиши бошлангунча жавоблар албатта эълон қилинади.

@Talim_Vazirligi