Get Mystery Box with random crypto!

​ Супер-контракт нархини қандай ҳисоблайман? ЖАВОБ: буни б | GulDU Yoshlari

​ Супер-контракт нархини қандай ҳисоблайман?

ЖАВОБ: буни билиш учун эринмасдан ушбу постни охиригача ўқишингиз керак. Фақат сарлавҳани ўқиб, дарров изоҳларда “менга мунча балл етмади, қанча тўлайман?” деб коммент ёзиш шарт эмас.

Жуда кўпчилик супер-контракт нархи қанча бўлиши ҳақида савол бермоқда.

Супер-контракт нархи қанча бўлишини исталган инсон ўзи мустақил ҳисоблаб олиши мумкин, бунинг учун етарли барча маълумотлар эълон қилинган. Фақат озгина ҳафсала керак холос.

Шундай бўлса-да, супер-контракт миқдорини қандай ҳисоблаш йўлини яна бир бор тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Энг аввало бир нарсани ёдда тутинг, супер-контрактнинг энг аниқ миқдорини фақат ва фақат ўзингиз ҳужжат топширган олий таълим муассасаси орқали билишингиз мумкин. Чунки кўплаб ОТМлар молиявий мустақилликка эришган ва улар эркин нарх белгилай олади, давлат эса шунчаки минимум миқдорини тасдиқлайди холос. Интернетда «менга қанча бўлади, унга қанча бўлади» дегандан кўра, ОТМ билан боғланиб, аниғини билиб олишни маслаҳат бераман.

Энди минимум миқдорлар ҳақида.

1-эслатма: супер-контракт деган тизим кундузги, сиртқи, кечки таълимда ҳам бор;

2-эслатма: имтиёз олган, лекин кира олмаган абитуриентлар учун умумий кириш балига қараб супер-контракт нархи белгиланади, имтиёзлиларнинг ўтиш балига қараб эмас.

Супер-контракт нархи кундузги таълим шаклида стипендиясиз тўлов-контракт миқдоридан ҳисобланади (сиртқи ва кечкида шундоқ ҳам стипендия йўқ). Демак, қуйида илова қилинган жадвалда кўрсатилган контракт суммасини супер-контракт баробарига кўпайтиришингиз керак.

Шунингдек, 3 та тоифадан қайси бирига тааллуқли эканлигингизни ҳам аниқлаб олишингиз керак.

1-тоифа: кириш чизиғига 4,05 баллгача етмай қолган абитуриентлар

Бунда қуйидаги шкала амал қилади:

1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун – базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;

1,06 баллдан 2,05 баллгача — 2,0 баробари;

2,06 баллдан 3,05 баллгача — 2,5 баробари;

3,06 баллдан 4,05 баллгача — 3,0 баробари.

Масалан, математика йўналишида 1,5 балл етмай қолди дейлик. Бундай вазиятда ўша абитуриент 2 баробар тўлайди. Жадвалга қарасак, математика йўналишида контракт нархи 6.412.610 сўм. Демак, математика йўналишига 1,5 балл етмай қолган абитуриент 12 млн 825 минг сўм супер-контракт тўлайди (2 x 6.412.610).

2-тоифа: кириш чизиғига 4,05 баллдан ортиқ етмай қолган ва ўзи 56,7 дан кўп балл тўплаганлар

Бундай абитуриентлар супер-контракт учун йўналишига қараб пастдаги жадвалда кўрсатилган оддий контрактнинг минимум 8, 10, 12, 15, 17 ёки 25 баробарини тўлайди.

Қайси йўналишга неча баробар тўланиши мана бу файлда келтирилган:
https://t.me/xushnudbek/11522

Масалан, иқтисод йўналишига кириш бали 150 балл бўлди дейлик. Абитуриент 70 балл тўплади. Демак, унга 4 баллдан ортиқ етмай қолган, ўзи ҳам 56,7 баллдан кўпроқ тўплаган. Иқтисод йўналишига минимум супер-контракт 10 баробар этиб белгиланган. Стипендиясиз оддий контракт нархи эса 9.129.930 сўм.

Хулоса: иқтисод йўналиши учун супер-контракт миқдори минимум 91 млн 299 минг сўм (10 х 9.129.930).

БУ МУҲИМ: ўтиш балига 4,05 баллдан кўпроқ етмай қолган ва 56,7 баллдан кўп тўплаганларнинг ҳаммасига бир хил нарх бўлади. Яъни 5 балл етмаган ҳам, 50 балл етмаган ҳам бир хил тўлайди. Ўшанчун менга 10 балл етмади, менга 30 балл етмади, қанча бўлади, деб сўрашдан фойда йўқ.

3-тоифа: 56,7 баллдан кам тўплаганлар

Бундай абитуриентлар ҳам супер-контрактда ўқиши мумкин, фақат камида 2-тоифадагилар тўлайдиган сумманинг 2 баробарини тўлашади. Масалан, абитуриент иқтисод йўналишига топшириб, 40 балл тўплаган, яъни 56,7 баллдан кам. Демак, у камида 182 млн 598 минг сўм тўлаши керак (2 х 91.299.300).

Хуллас, Сиз тўплаган балингиз асосида камида тахминан қанча супер-контракт тўлашингизни бемалол ўзингиз ҳисоблаб кўришингиз мумкин.

Сўзим сўнггида яна қайтараман, аниқ суммани фақат ОТМ орқали била оласиз. Супер-контракт тўлашнинг қолган техник ва ташкилий томонларини ҳам ОТМлардан аниқлаштиринг.

https://t.me/Talaba_Yoshlari