Get Mystery Box with random crypto!

#Илм Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «На | FAQAT QUR'ON

#Илм

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Илм олиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарздир», деганлар».

Илм олиш шубҳасиз, барча эркагу аёлга бараварига фарз қилинган амалдир.
Илм олишдан мақсад қалбни ёмон хислатлардан фориғ қилиб, уни фазилатлар билан зийнатламоқдир. Илмни Аллоҳ розилиги учун ва мусулмонларга хизмат учун ўрганилса охиратимиз учун ҳам, бу дунёмиз учун ҳам фойдали бўлади.
Ҳаммамиз илм ўрганишни ва уни ҳаётимизга татбиқ қилишни хоҳлаймиз. Бироқ илм билан шуғуланишнинг ўзигина етмайди, бу илмни унутмаслик ва уни узоқ муддат хотирада сақлаш ҳам керак бўлади. Шунинг учун бу йўлда бизга тўсиқ бўладиган сабабларни билиб олсак, ўрганган илмимизни хотирамизда мустаҳкамлашга муваффақ бўламиз, иншааллоҳ.
Қуйида илмни хотирамизда сақлашга тўсқинлик қиладиган айрим сабабларни айтиб ўтамиз:

1. Аллоҳга осийлик қилиш ва гуноҳларга ботиш.
Илмни унутишнинг ва баракасини ҳис қилмасликнинг асосий сабаби қалбдаги гуноҳларнинг асоратидир. Гуноҳ амалларга бефарқлик, ҳаром нарсаларга қараш илми унутиш ва фойдасини кўрмасликга сабаб бўлади.

2. Кўп ва аралаш ейиш.
Айниқса унли, шакарли ва ўта ёғлик махсулотларни кўп истеъмол қилиш. Маълумки, танамизга фойдаси бўлмаган бу махсулотлардан узоқ туришимиз кераклигини табиблар ҳар доим таъкидлаб келишади. Бу тарзда таом истеъмол қилиш уйқуни кўпайтиргани учун инсон ҳам илм ўрганишдан, ҳам унумли ишлашдан маҳрум бўлади.

3. Тартибсиз уйқу.
Хуфтон намозидан кейин жуда кеч ухлаш ва бомдод намозидан кейин ухлаш илмнинг унумдорлигини ва баракатини йўқотадиган омилларнинг боши ҳисобланади. Аслида инсоннинг энг баракали ва зеҳнининг энг тиниқ бўладиган пайти саҳар вақтидир. Саҳар пайтида ухламаслик учун хуфтон намозидан кейин барвақт ухлаш керак. Шунингдек, соғлиғимиз, ақлимиз ва гормонал мувозанатликнинг соғлом бир шаклда ишлаши учун ҳам эрта ётиб, эрта туриш энг фойдали одатлардан ҳисобланади.

4. Беҳуда ва фойдасиз ишлар билан шуғулланиш.
Беҳуда ва фойдасиз ишларга вақт сарфлаш ҳам илмни унутишга сабаб бўлади. Ҳаётимизда шу даражада чалкашлик кўпайганки, зеҳнимиз керакли ва кераксиз нарсалар билан тўлиб тошган. Зеҳнимиз ўткирланиши ва янада кўпроқ илм ўрганишимиз учун вақтимизни керакли ва фойдали ишларга сарфлашимиз лозим.

5. Тартибсиз, устозсиз китоблардан илм ўрганиш.
Илмни ўз эгалари, уламолардан олишнинг аҳамияти жуда катта. Устоз илм бериш билан бирга одоб, мутавозелик ва босқичма босқич таълим олишни ўргатади.
Бу илмни қисқа муддатда эгаллаш, олган илмни осонликча унутмаслик ёрдам беради. Ҳаммасидан ҳам муҳими адашиш, тўғри йўлдан тойиш, залолатга кетишдан сақлайди.

Аллоҳим, барчамизга манфаатли илм, ҳалол ризқ ва мақбул амал бергин.

@ILM_NUR_NUR_ISLOM