Get Mystery Box with random crypto!

Шавкат Раҳмон БУЗИЛГАН ДЕВОРЛАР Қадимда мевалар етилган пай | Erkin mavzu

Шавкат Раҳмон

БУЗИЛГАН ДЕВОРЛАР

Қадимда мевалар етилган пайтда
савоб деб яшаган комил аждодим
мусофир чанқоғин боссин деб атай
бузиб қўяр экан боғлар деворин.

Эрон даштларидан Хитойга қадар
девори бузилиб ётган боғ эди,
бу боққа мусофир кирган дафъада
астойдил севинган элим бор эди.

Бор эди
бу элнинг худо безаган,
камолга туташган олтин чоғлари,
қарғишлар қарғадай қўнган ерлардан
қалтираб ахтардим ўшал боғларни.

Ахир, ер ютдими...
комил инсонлар
қолдими сарғайган афсоналарда?
Метин деворларда — чақиртиконлар,
қулфлар шодаси — дарвозаларда.

Бир қўлимни бердим, есин чаёнлар,
бошқасин узатдим каламушларга,
юрагим гулларин отдим аямай кўзлари қотирма падаркушларга.

Битта гул юзига юзимни босиб, оғринган чоғимни тоғлар кўрмасин.
Энди бу ҳолимни мозийдан тошиб,
девори бузилган боғлар кўрмасин.

Гирватдай айланар зулм дунёси...
қаъридан анқирди қора тер ҳиди,
гўёки бу қадим йўллар худосиз, гўёки бутун бир элим берк эди.

Берк эди,
берк эди,
чексиз деворлар
ичида инграрди чексиз бир шўрлик,
тинимсиз муштладим дарвозаларни,
ошиқ қўлларимни қонатиб бўлдим.

Ошиқ кўзларим ҳам....
ёвуз чақнаган,
кимнидир сўкаман, бандаи ғофил,
ахир ўз еримда дайдиб, чанқаган
шўрлик мусофирман,
улуғ мусофир.