Get Mystery Box with random crypto!

#РАДДИЯ Исломда ватанпарварлик тушунчаси. Исломда ватанга му | Surxonmuslim.uz

#РАДДИЯ
Исломда ватанпарварлик тушунчаси.

Исломда ватанга муҳаббат-бу туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса-хурсанд, хафалик етса-қайғуради.
Инсон "Ватан менга нима берди?" деб эмас, балки "мен Ватанимга нима қилдим?" деган олий туйғу билан яшамоғи лозим.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадисда айтилади: "Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар; " Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: "Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади" деб айтганларини эшитдим" (Имом Бухорий,
3188-ҳадис).

Демак, она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.
Кишининг ўз юртига меҳр-муҳаббатли бўлишига тарғиб қилиб, Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: "Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у ер одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат-инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди".
Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: " Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади", деганлар.
Шундай экан, ҳар биримиз ўз Ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз нифтдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳаққига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Қизириқ тумани "Саъд Ибн Абу Ваққос" жоме масжид имоми Чориев Анвар.
https://t.me/surxonmuslimuz