Get Mystery Box with random crypto!

Нуриддин Исмоилов | ГУНОҲКОР (39-қисм) — Хўжайин, гап йўқ. Си | ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ

Нуриддин Исмоилов |
ГУНОҲКОР
(39-қисм)

— Хўжайин, гап йўқ. Сизнинг муштингиз ҳам қандайдир роҳатли. Мен худди шу кўргандай уйимга борибман... Сал тезроқ ўзимга келтириб қўйдингизда. Бир нарсага улгурмадим.
— Вой, ифлос, бунинг гапига қаранглар... Кел, унда яна битта туширай, давомини кўрасан.
— Йўқ, раҳмат! Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Миям иккига бўлиниб кетди, деб ўйладим. Яна бир марта урсангиз, аниқ ўламан. Кейин уйимга тобутда жўнатасиз, — дея бошини эгди Сирож ўзини бечора ҳолга солиб.
— Нима бўлди? Қандай бўлди? Нега Бегали ўлиб қолди?..
— Хўжайин, очиғини айтаман. Менинг озгина мазам бўлмади. Шунинг учун ишга олиб кетишмади. Жойимга ётиб ухлаб қолган эканман. Бир пайт Бегали ака уйғотди...
— Туртдими?
— Йўқ, онангни деб сўкди.
— Хўш, кейин сен ўрнингдан туриб бўғиб ташладингми, уни?
— Қаёқда?! Ҳаддим сиғадими?! Тепмаганига, урмаганига шукр қилиб турдим ўрнимдан. Ёнига бордим. Столнинг устида ароқ турган экан. Ич, деди. Мен ундан ёмон қўрқаман. Шунинг учун гапини икки қилмадим.
Иккаламиз анча ичдик. Унинг иштаҳаси нимагадир даҳшат эди. Кружкасини тўлдириб-тўлдириб ичди. Битта шиша дарров тугаб қолди. Кейин бизга тушлик беришди. Овқат билан яна «урдик». Кейин ётаман, деди. Ётди. Мен идишларни йиғиштириб ювиб қўймоқчийдим. Шундай қилаётгандим ҳам. Бир пайт хириллаб қолди... Мен шу заҳоти ёрдамга одам чақириш учун эшикни урдим. Бор билганим мана шу...
— Ароқни қаердан олдинглар?! Ким берди?!
— Очиғини айтганда, бунга мени ақлим етмайди. Лекин яширинча битта гапни айтай, хўжайин, Бегали аканинг каравотининг тагида ўрача бор. Ҳамма бойликлар шу ерда туради. Айтмоқчиманки, егулик-ичгуликлар. Уни кимлардир полни ўйиб тайёрлаган, кимлар ароқ олиб келишади, билмайман...
Каттаконнинг ўзи буни жуда яхши билади. Чунки камерада, жигар, бурун, қулоқ, томоқ ва ҳаттоки ямоқ ҳам бор. Камерада қачон чивин учади, қачон қўнади, кимнинг бошига қўнади, кимнинг елкасидан қон симиради, ҳамма-ҳаммаси унга етиб келади. Шундай экан, бутун бошли ўрача бўлади-ю, у билмайдими? Билади. Билганда қандоқ. Ҳаттоки «кўз-қулоқлари»га «омбор» бўшаб қолмасин, дейди ора-чора...
— Бахтинг бор экан. Бегалининг ўзи ажали етган экан. Инфаркт бўлибди. Дўхтирлар шундай дейишди. Ароқ ўлимини тезлатиб юборибди... Агар озгина зўравонлик излари бўлганида онангни уч қўрғондан кўрсатардим...
Сирожни яна камерасига олиб бориб қамаб қўйишди. Унинг обрўси ошган эди. Ҳар қалай унинг борлигида Чаён ўлган. Чаён эрталаб яхши эди. Ўладиган эмас эди. Демак, Каламуш нимадир қилган. Қандайдир ҳунар кўрсатган. Бундан чиқди, ундан қўрқиш керак...
— Шеф кетворибдими? — дея сўради камерадошлардан бири у кириб борганидан кейин.
— Ҳа, тип-тикка кириб кетди!.. Ҳаддини билсин эди ифлос. Мен унинг касрига қолиб кетишимга сал қолди. Жуда маймунни ўйнатаётгандай ўйнатаётганди мени.
У шундай деб камерадошларига бирма-бир қараб чиқди. Ўша қулоқлар, кўзлар, томоқ ва ямоқлар вужудини қулоққа айлантирганди. Буни у дарров сезди.
— Жой бўшаб қолди, — дея гап ўзанини бирдан ўзгартирди Сирож, — ким ётади унинг ўрнида?
Зеклар бир-бирига қараб олишди. Ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Ўлик ётган жойда ётишга қўрқасанларми?! Нимаси қўрқинчли экан. Мана мен ётаман-да!..
Бу билан Сирож бундан бу ёғига камерда ўзи «қирол» эканини эълон қилганди. Ҳамма рози бўлди. Илло, Каламушнинг обрўси шундоқ ҳам бошқаларникидан ошиб кетган эди.
У ётоғини кўчирди. Дарров ёрдам берувчилар бўлди. Улар кўмаклашиб юборишди...
— Ўрислар нима қилишади? — деди у янги жойига ётиб.
— Паминкада, — деди зеклардан бири ҳозиржавоблик билан.
— Биз нимани кутиб турибмиз?..
— Иложи йўқ. Ҳаммасини олиб кетишди. Талтайиб кетибмиз.
— Тўғри қилишибди. Мен юз фоиз қўшиламан. Лекин, — деб у бошини кўтарди-да, ёстиғини қўлига олди ва унинг ичига бир четидан қўлини тиқди-да бир қути қора чой олди.
«Шеф» чефир қилди. Ҳамма ичди. Шундан ҳам кайф оладиганлар бор эди. Кайф қилишди улар...