Get Mystery Box with random crypto!

— Ада, мен бунча кўп пул кетиб қолади, деб сира ўйламагандим. | ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ

— Ада, мен бунча кўп пул кетиб қолади, деб сира ўйламагандим. Энди нима қиламан, — деди.
Ота кулди. Қизини қучди.
— Қизим, мен хурсандман. Шундай жойи чиқадики, мен бу пулдан тўрт бараварини бекордан-бекорга сарфлаб қўяман... Хўш, мен сенга яна шунча атаб қўйибман. Агар яна яхшигина пулинг бўлмаса, ишинг ривожланмайди...
Намунанинг дўкони кундан-кунга гавжумлаша бошлади... Унинг ўтиришга вақти бўлмай қолди. Чунки мижозлар билан ишлаш у ўйлаганидай осон эмас экан. Тинкаси қуриди...
Ана шундай кунларнинг бирида уни судга чақиришди. Эрининг судига. Намуна эрини бутунлай эсидан чиқарган эди. Исмини эшитиб бир қалқиб тушди. «Бормайман», деди аввалига. «Турқини кўришга кўзим йўқ. Яна эски яраларимни янгилайми», деди. Аммо кейин боришга қарор қилди.
Эрини темир панжара ортида кўрди. Толиб бир парча бўлиб қолибди. Илгари уни кўрган одамда қандайдир қўрқув пайдо бўларди. Энди эса Толиб жуда бечорага айланиб қолибди. У Намунанинг яқинига келишни илтимос қилди. Намуна бормаганди, ялинди. Шундан кейин Намуна борди.
— Ҳа, — деди ғазаб билан тикилиб.
— Мен, — дея шивирлаб гап бошлади Толиб, — қутулиб чиқиб кетаман. Ҳали иложи бор. Булар билмасдан мени қўлга олишди. Ҳали ўзлари кечирим сўрашади. Ҳали зўр яшаймиз. Мен қамоқдан чиқибоқ сен билан бола қилишга қарор қилдим...
— Бошқа ҳеч нарсани кўнгиллари тусамайдими? Балки, биргаликда Гавайи оролларига борармиз, — дея кесатди Намуна Толибнинг гапини бўлиб.
— Ҳа, борамиз. Умримизнинг қолган қисмининг ҳаммасини чет элда ўтказамиз...
— Буни қаранг-а... Мен сен билан ажрашдим! Қоғозини кўрсатайми?! Сен қолган умрингни қамоқда ўтказасан. Чирийсан. Нима мен сени деб яна азоб чекишимни хоҳлаганмидинг?! Бекорларнинг бештасини айтибсан! — деди Намуна алам билан бақириб.
Суд биносида одам кўп эди. Ораларида Толибга хайрихоҳ бўлганлар ҳам бор эди. Темир панжара ортида Толибнинг ёнида ўтирган шериклари ҳам бор эди. Ҳаммасининг оғзи очилиб қолди. Илло, Намуна гапларини бор овозда айтганди-да... Намунанинг ўпкаси тўлиб турганди. Йиғламоқдан бери бўлиб турганди. Чунки эрига нисбатан биринчи марта шундай дея олди. Илгари қўрқарди. Бир неча марта обдан талашмоқчи бўлган. Бироқ қўрққан...
Толиб ўрнидан турди ва темир панжарага юзсини босиб:
— Бунинг отаси ўғри, порахўр. Ўзим неча марта пора олишига гувоҳ бўлганман. Керак бўлса, расмлариям бор. Бир марта порасини мен орқали олган. Агар уйи тинтув қилинса, олтин, кумуш, миллионлаб доллар чиқади уйидан, — деди.
Намуна тирноғининг учигача зирқираб кетди... У ўзи билмаган ҳолда эрининг юзига тупуриб юборди. Бу шармандаликни ҳам ҳамма кўрди...
Намуна суд залида ўтиролмади. Чиқиб кетди. Йўлакда йиғлади. Оёқларидан дармон қочиб стулга ўтириб қолди. Боши айланди... Поччаси, опаси билан келганди судга. Улар дарров ортидан чиқишмаганди. Чунки опаси ҳам куёвига ташланганди. «Сен, ҳароми, шундай покиза отамни ўзингга ўхшатдингми», деганди. Улар Намунани ранги оқарган ҳолда топишди. Дарров дўхтир чақирилди. «Тез ёрдам» кўп куттирмади. Илло, бир кўча нарида уларнинг идораси бор эди. Бунинг устига, қўнғироқ суд биносидан бўлганди. Шу боисдан ҳар доимгидан-да тез келишди. Намунанинг билагига укол қилишди. Шундан сўнггина Намунанинг юзига қон югурди...
У уйига бормади. Поччаси, опаси ҳамроҳлигида тўғри Чорвоққа кетди. Йўлда отасига қўнғироқ қилди. Лекин ўзи гапирмади. Телефонни опасига берди. Наргиза отасига:
— Адажон, ойижоним билан бирга келинглар. Сизнинг дала ҳовлингизга. Ҳаммамиз бир оила бўлиб ўтирайлик. Мен Нодирани ҳам чақираман, Ўткир билан бирга келишади. Болаларини қайнона-қайнотасига ташлаб келишади. Мен ҳам шундай қилдим. Бир яйрайлик, — деди.
Тўхтасин ака «хўп», деди. Ўзи ишда эди. Юраги ғаш. Анчадан бери шундай юрибди. Толибни олиб кетишларидан бир ҳафта бурун бошланганди сиқилиш. Чунки ўшанда куёвнинг ортидан тушишганликлари ҳақида хабар топганди. Олдинига куёвини муҳофаза қилмоқчи бўлди. Бироқ «Ока, сиз четда турганингиз маъқул. Бунақа пайтда ўртага тушганларнинг ҳам каллалари кетиб қолиши мумкин», дейишди. Шундан кейин у четга чиқди...