Get Mystery Box with random crypto!

— Ҳали сизнинг эрингиз борми? — деди ҳайрон бўлган Баҳодир. — | ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ

— Ҳали сизнинг эрингиз борми? — деди ҳайрон бўлган Баҳодир.
— Собиқ эри, — деди Намунанинг ўрнига Дилафруз, — ҳозир у қамоқда ўтирибди. Намуна ажрашишга ариза бериб қўйган.
Намунага дугонасининг гаплари ёқмади. У кўзларини олайтириб Дилафрузга қаради.
— Эй-й, — деди бирдан Дилафруз, — мен Аброржон билан шундай дўконга ўтиб келаман. Бир нарса олишим керак эди.
— Нега? — деди ҳайрон бўлган Намуна.
— Синглим шу ерда дўконда ишлайди. Ҳозир эсимга тушди. Битта нарсани бермоқчийди. Ҳали сенга уни кўрсатаман. Сен ўтириб тур, беш дақиқада келаман.
Дилафруз Намунани ҳайратга кўмиб Аброр билан бирга чиқиб кетди. Уйда Намуна Баҳодир билан ёлғиз қолди.
— Келинг, озгина-озгинадан олайлик, — деди Баҳодир янада яқинроқ ўтириб.
— Мен бир марта айтдимми, тамом. Ичмайман!..
— Тўғри, лекин қарасам, кайфиятингиз йўқдай, шунга бироз кўтарилса яйраб-яшнаб ўтирасизми дегандим-да...
— Бунинг учун бу ердан кетишим керак.
Баҳодир унинг билагидан ушлади. Намуна тортиб олмоқчи бўлди, аммо кучи етмади...
— Қўйвор! — деди Намуна ғазаб билан. Унинг алами бўғзида турарди. Бутун вужуди ҳозир қувватга, кучга айланганди. У ҳаммадан нафратланаётганди. Аввало, Дилафруздан.
— Нега? — ўшшайди Баҳодир.
Намуна ўйлаб ҳам ўтирмасдан унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Баҳодирнинг юзи бошига қўшилиб бироз орқа томонга бориб келди. Намунанинг қўлини қуйиб юборганча шапалоқ тушган юзини ушлади.
— Мени ким деб ўйлаган эдинг?! Нима десам, индамай кўниб кетаверади, деганмидинг?! Хомтама бўлма, сендақалардан итим яхшироқ! — дея Намуна ўрнидан турди.
Жаҳл билан сумкачасини олди, оёқ кийимини кийди. Эшик ичкаридан қуфланган экан. Билмабди. Қарсиллатиб уриб чиқиб кетмоқчи эди... Бироқ сал бўлмаса қовурғасини синдириб олаёзди. Эшикни очиб йўлакка чиққанидан кейин уни шунақанги ёпдики, қарсиллаган товуш тўрт қават йўлакка эшитилди.
Югуриб пастга тушди. Дилафрузнинг машинасини кўрди. Машинада дугонаси Аброр билан гаплашиб ўтирарди.
— Падарингга лаънат! — деди ва машина ёнига югуриб борди, қарсиллатиб эшикни тепди. Эшик пачақ бўлди. Дилафруз кутилмаган зарбадан бақириб юборди. Машинасидан сакраб тушди.
— Сен манжалақи мени ўзингга ўхшаган бузуқи, деб ўйладингми?! — деди унга Намуна ва катта йўл томон югуриб кетди. Югуриш асносида йиғлади...
У кечгача ўзига келолмади. «Наҳотки дунёга менинг керагим бўлмаса?! Ҳамма ўзи учун мени ишлатади. Отам манфаати учун Толиб маразга эрга бериб юборди. Толиб ўзининг манфаати учун болаларимни олдиртириб ташлади. Кейин уйига қоровул қилиб қўйди. Дилафруз анави эшаклардан нимадир ундириш мақсадида уларга топшириб қўймоқчи бўлди. Нима коптокманми, исталган одам истаган томонига тепгани...»
Қўл телефонига хабар келди. Дилафруздан экан. «Ўртоқжон! Минг бор узр! Мен сени тушунмабман! Сени эркак киши етишмаётганидан қийналяпти, деб ўйлабман!.. Кечиролсанг, кечир!..» деб ёзибди.
«Ифлос, мени ўзингга ўхшаган бузуқи, деб ўйладингми?! Менинг рақамимни телефонингдан ўчириб ташла! Йўқол!» Намуна жавоб ёзиб, уни жўнатиб юбориши билан телефонини деворга уриб парчалаб ташлади. Бу билан ҳам қониқмади. Устига чиқиб тепкилади. Телефоннинг синган ойнаси товонига кирди. Лекин у сезмади...
Бу сафар Намуна ўзини каравотга ташламади. Ҳўнграб йиғламади. Бир кишилик диванга ўтирганча, бошини орқасига осилтирди. Орадан ҳеч қанча ўтмади. Онаси кириб келди. Нима гап, нима шовқин, деди. Намуна жилмайди. Жилмая олди.
— Мана, — дея телефонни кўрсатди у, — роса жонимга тегиб кетди. Одамга ўхшаб ишламайди. Мажақлаб ташладим.
— Қизим, одам бўлса, одамга ўхшаб ишлайди-да, лекин одам бўлмагани ҳам яхши, — деди онаси ва кўнгли хотиржам тортиб чиқиб кетди.
«Эртадан бошлаб ўзгараман, деди у ўзига-ўзи, ҳеч кимга ишонмайман, ҳаттоки адамга ҳам. Ҳаммасини ўзим ҳал қиламан...»
Эртасига у ҳаммадан олдин уйғонди. Ота-онаси ҳайрон. Бу қиз муштдайлигидан пешинга яқин туришга ўрганиб қолганди-ку. Ҳатто мактабга амаллаб соат ўнга яқин олиб бориб қўйишарди.