Get Mystery Box with random crypto!

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вил | Судьялар ассоциацияси | расмий канал

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вилояти суд-ҳуқуқ соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, хозирда фарзандлари, набиралари қуршовида осуда, фаровон ҳаёт кечираётган фахрийлардан хабар олинмоқда.

Байрам арафасида бўлиб ўтаётган бу каби тадбирлар фаҳрийларга кўтаринки кайфият улашмоқда. Зеро, ҳар қанча эътибор ва эъзозга муносиб фахрийларнинг ҳар бири ўз даврида касбига садоқат билан хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. Шу боис ҳам меҳнат фахрийларини улуғлаб, уларнинг бой тажрибасидан сабоқ олиб, мураккаб ва шарафли ишини давом эттириш суд тизими ходимлари учун муқаддас бурч саналади.

– Биз иш бошлаган йиллар билан ҳозирги пайтни қиёслайдиган бўлсак, анча фарқи бор, – дейди меҳнат фахрийси Худоёр Муҳаммадиев. – Пастқам, биноларда хизмат қилганмиз. Бунақа кенг, шинам иш хоналар ҳам, хизмат автомашиналари ҳам ҳозиргидек етарли бўлмаган. Кейинги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эътиборни бир умр орзу қилиб яшаганмиз. Сўнгги йилларда қонунчилигимиз ҳам тубдан такомиллашиб бормоқда. Яратилаётган шароитларга ҳавасимиз келиб, кўзимиз қувнайди. Бундай эътибор куч-қувват, ёшимизга ёш қўшаётганидан беҳад мамнунмиз.

Вилоят суд-ҳуқуқ тизимида анча йиллар фаолият юритган Худоёр Муҳаммадиев хонадони байрамлар арафасида ҳамкасблари, шогирдлари билан гавжум бўлади.

Меҳнат фахрийсининг ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар улашади. Қимматли маслаҳатлари ва ибратли суҳбатидан баҳраманд бўлишади. Ўзининг етмиш икки ёшини қарши олган фидоий ҳуқуқшунос “Суд фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Сурхондарё вилояти суди мутасаддилари, шунингдек, эл ардоғида яшаётган Жўра Норматов, Худойберди Норалиев, Норқувват Янгибоев, Ойимжон Якубова, Қурбонпўлат Жўраев сингари суд фахрийлари ҳолидан хабар олди.

Улар билан самимий суҳбат қурилди, хотиралар эсланди ва байрам туҳфалари топширилди.