Get Mystery Box with random crypto!

​“Омикрон”: Пандемия тарихида янги рекорд. АҚШда фавқулодда ўс | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

“Омикрон”: Пандемия тарихида янги рекорд. АҚШда фавқулодда ўсиш қайд этилди!

Дунёда пандемия тарихидаги янги рекорд ўрнатилди. Кеча қарийб 3 миллион 160 минг кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Энг ёмони, кўрсаткичлар бир кун аввалги ҳолатга нисбатан яна 1 миллионтага кўп.

Фавқулодда ўсиш суръатлари АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда 9 январь куни 315 минг одам СOVID-19ни юқтиргани маълум қилинганди. Орадан бир кун ўтгач, бу рақам 1 миллион 400 тага етган.

Ғарбий Европанинг айрим давлатларида
эса аксинча, пандемия тўлқини бирмунча пасаяётгани кузатилмоқда. Масалан, Францияда бир кун ичида касалланиш кўрсаткичлари 296 мингтадан 87 мингтага тушди. Бошқа қатор давлатларда эса эпидемиологик вазият кундан кун мураккаблашиб боряпти.

Масалан, сўнгги кунларда Филиппинда “омикрон” доминант вариантга айланди. Шу сабабли мамлакатда кунлик касалланиш кўрсаткичлари 33 мингтадан ошиб кетди. Бу пандемия даврида ҳудудда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Руминияда ҳам эпидемиологик вазият ёмонлашгани ҳақида расмий хабарлар тарқалди. “Биз ҳозир пандемиянинг бешинчи тўлқинига рўбарў келдик ва коронавирус тарқалиши бўйича Европада етакчи ўринда турибмиз”, деб баёнот берди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири А. Рафила.

10 январь ҳолатига кўра, бу ерда ҳозиргача 1,85 миллион киши СOVID-19га чалинган. Хасталикдан вафот этганлар сони эса 59 минг нафарни ташкил этяпти.

Янги мутация Болгария аҳолиси саломатлигига ҳам хавф солмоқда. Кеча ҳудудда “омикрон”ни юқтирган яна 52 бемор рўйхатга олинди. Польшада эса мазкур штамм билан боғлиқ 10 та янги ҳолат аниқланиб, жами "омикрон"ни юқтирганлар 162 нафарга етди.

Шунингдек, янги вариант кириб борган мамлакатлар сафига Озарбайжон ҳам қўшилди. Қўшни давлат — Қозоғистонда ҳам “омикрон” қайд этилганидан буён кўрсаткичлар кескин кўпаймоқда. Мисол, учун бу ерда сўнгги суткада 2 230 нафар беморда касаллик қайд этилган.

Туркияда янги йилнинг илк кунида 36 минг одам СOVID-19ни юқтириб олгани маълум қилинганди. 10 январь кунига келиб эса кунлик кўрсаткичлар деярли икки баробар ошиб, 65 мингтага етди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус вакили Дэвид Набарронинг фикрича, “омикрон” штамми туфайли келгуси уч ой одамлар учун оғир бўлиши мумкин. Бироқ дунё бўйича пандемиянинг тугаш муддати яқинлашмоқда.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази эса “омикрон”нинг баъзи хавфли белгиларини эълон қилди.

Нафас олишнинг қийинлашиши, кўкрак қафасида доимий оғриқлар пайдо бўлиши, уйқудан туриш қобилиятининг сусайиши, тери, лаб ва тирноқлар рангининг очариши шулар жумласидан. Шифокорлар, шунингдек, кучли чарчоқ, томоқ оғриғи, қуруқ йўтал ва мушак оғриғини характерли аломатлар, деб ҳисоблайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz
@ssvmatbuotkotibi