Get Mystery Box with random crypto!

​Олимлар хулосаси: “Омикрон” — инсоният тарихидаги энг юқумли | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Олимлар хулосаси: “Омикрон” — инсоният тарихидаги энг юқумли вирус

Дунёда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик рекорд яна янгиланди. Кеча сайёрамиз бўйича 2 миллион 700 мингдан зиёд кишида “СOVID-19” аниқланди. Бу — 6 январь ҳолатига нисбатан қарийб 200 мингта кўп кўрсаткич.

Ўсиш суръатлари қайд этилган мамлакатлар орасида АҚШ ҳар доимгидек биринчи — 730 мингдан зиёд ҳолат. Францияда эса 328 минг, Испанияда 242 минг, Буюк Британияда 178 минг беморда коронавирус рўйхатга олинди. Янги ҳолатларнинг аксариятини “омикрон” штамми ташкил этмоқда.

Бундай мураккаб эпидемиологик вазият қатор мамлакатларда янги-янги муаммоларни келтириб чиқараётир. Масалан, Буюк Британияда тиббиёт ходимлари етишмовчилиги туфайли ҳарбий хизматчилар шифокорларга ёрдамлашишга киришди.

Биргина Лондон шаҳрининг ўзида 200 нафар аскар уч ҳафта давомида соғлиқни сақлаш хизмати ихтиёрига берилди. Шунингдек, ҳукумат касаллик учун тест олиш ва эмлаш жараёнида ҳам ҳарбийлар кўмагидан фойдаланмоқчи.

Италиядаги шошилинч тиббий ёрдам муассасаларида ҳам ўрин-жойлар аллақачон тўлиб бўлган. Шу сабабли энди беморларни махсус чодирларда муолажа қилиш йўлга қўйилди.

Греция ҳукумати 7 январда фуқаролик сафарбарлиги тўғрисидаги буйруқни имзолади. У 12 январдан кучга киради. Ҳужжатга кўра, баъзи хусусий шифокорлар СOVID-19ни даволашга ихтисослашган давлат касалхоналарига жалб этилади.

Австралия расмийлари
эса мамлакатнинг баъзи штатларида январь ойи охирига келиб пандемия тўлқини чўққига чиқишидан жиддий хавотирда. Шу туфайли бу ерда баъзи чекловлар қайта тикланмоқда.

Мисол учун, охирги уч кун ичида Янги Жанубий Уэльсда 100 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Оқибатда касалхоналарда шошилинч бўлмаган операциялар қолдирилди, клуб, дискотека ва шу каби манзилларда қўшиқ айтиш ҳамда рақсга тушиш тақиқланди.

Япония ҳам “омикрон” билан касалланганлар сони ортиб бораётгани туфайли бир қатор префектураларда карантин чекловларини кучайтирмоқда. Жумладан, уч ҳудудда бар ва ресторанлар иш соатлари чекланган.

Испания олимларининг таъкидлашича, “омикрон” — инсоният тарихидаги энг юқумли вирус. У ҳозиргача бу борада қайд этилган барча рекордларни янгилади.

Хусусан, тиббиёт тарихи билан шуғулланувчи олим Антон Аракоркенинг таъкидлашича, “омикрон” бизга маълум вируслар ичида энг “портловчи” микроорганизмдир. ХIХ асрда вабонинг дунё бўйлаб тарқалиши учун йиллар керак бўлди. Янги мутация эса бу маррани бир ойдаёқ “забт” этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz
@ssvmatbuotkotibi