Get Mystery Box with random crypto!

​ССВ: Ўзбекистон нейрохирургиясида муҳим янгилик — тутқаноқ к | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

ССВ: Ўзбекистон нейрохирургиясида муҳим янгилик — тутқаноқ касаллигини замонавий усулда даволаш йўлга қўйилди

Сўзлаш, эшитиш, кўриш, ҳид ва таъм билиш, ҳаракатланиш, имо-ишоралар ҳамда бошқа сезги органларимиз фаолияти бош миямизда жойлашган 12 жуфт нерв орқали бошқарилади. Инсоннинг ушбу аъзоси 100 миллиард нейрон ва триллион ҳужайралардан ташкил топган. Бу маълумотлар марказий асаб тизими касалликлари муолажасида мияга тиғ теккизиш нақадар мураккаб амалиёт эканлигини англатади.

Нейрохирургия — айни шу фаолият, яъни мия ва орқа мия, шунингдек, унинг периферик бўлимларини операция орқали даволаш билан шуғулланувчи жарроҳлик соҳаси.

Ҳозирги кунда бу йўналишда мамлакатимиз бўйича туғма нуқсон билан туғилиш, умуртқа поғонаси дегенератив-дистрофик касалликлари ҳамда марказий нерв тизими қон томирлари хасталиклари энг юқори ўринларни эгаллайди, — дейди Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Кариев. — Жорий йилнинг ўтган даврида муассамизда ана шундай беморларда 2401 та операция ўтказилди.

Жойлардаги 11 та ҳудудий филиалимизда эса 81 турдаги нейрохирургик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Уларнинг 50 фоизгача қисмини юқори технологик операциялар ташкил этяпти. Бундан ташқари, ҳудудлардаги даволаш муассасаларининг нейрохирургия бўлимларида ҳам шундай муолажалар йўлга қўйилган. Натижада марказимизга мурожаат қилувчилар сони ўтган йилга нисбатан икки баробар камайди.

Шунингдек, марказимизда турли оғриқ синдромларини операциясиз ва асоратсиз бартараф этадиган Радиочастоталик абляция даволаш ускунаси ишга туширилди. Эндоваксуляр жарроҳлик амалиёти, интраоперацион нейромониторинг имконини берувчи нейрофизиологик усулдаги муолажалар йўлга қўйилди.

Эъзоза Мамасолиева — 8 ёш. Пойтахтимизнинг Сергели туманида яшайди. Яқинда оёқларида ҳаракат чекланиши, ўнг оёқ гипотрофияси, бел ва оёқлардаги кучли оғриқ шикояти билан марказга мурожаат қилган. Беморга тизимли текширувлар асосида марказий нерв тизимининг туғма нуқсони, орқа миянинг кўкрак қисми диастематомиелия ва тетринг-синдроми ташхиси қўйилди.

Шундан сўнг унда тўлиқ микроскоп остида, интраоперацион нейромониторинг ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Операциядан кейин Эъзозанинг умумий аҳволи яхшиланди ва неврологик ўчоқли белгилар йўқолди.

Қолаверса, бу ерда жорий йилдан бошлаб тутқаноқ касаллигини замонавий усулда даволаш йўлга қўйилди. Масалан, Қозоғистон Республикасидан мурожаат қилган 31 ёшли Гулбол Аймахонова шундай хасталикдан азият чекарди. Марказнинг малакали шифокорлари томонидан унда юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Операциядан сўнг беморда неврологик асоратлар, эпилептик тутқаноқ ҳуружлари кузатилмади. Бу эса Ўзбекистон нейрохирургиясидаги муҳим янгиликдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz
@ssvmatbuotkotibi