Get Mystery Box with random crypto!

​ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ТЕЗЛАШМОҚДА Тез тиббий ёрда | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ФАОЛИЯТИ
ЯНАДА ТЕЗЛАШМОҚДА

Тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг соҳани рақамлаштириш йўлидаги ҳамкорлик лойиҳалари босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда. Жаҳон банки ҳамда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган ушбу улкан лойиҳалардан бири чақириқларни тўғридан тўғри тез тиббий ёрдам бригадаларига электрон тарзда етказиш механзмидир.

Хўш, ушбу янги тизимнинг афзалликлари қандай? ССВ Матбуот хизмати айни савол билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизовга мурожаат қилди.

— Авваллари чақириқ хақидаги барча ахборотлар диспетчер томонидан қоғозга туширилиб, сўнг телефон орқали бригадаларни йўналтирувчи иккинчи диспетчерга мурожаат қилинарди ва у ҳам маълумотларни қоғозга қайд этиб бригадага шу тўлдирилган қоғоз орқали хабар узатилар эди, — дейди А. Азизов. — Бу жараён учун кўп вақт талаб этилар ва баъзи ҳолларда тез ёрдам машинаси кечикишига ҳам сабаб бўларди.

Энди бу жараёнлар тарихга айланмоқда. Яъни, янги яратилган тизимда бир маротаба олинган маълумотлар диспетчер томонидан электрон тарзда бригадага тўғридан тўғри узатилади ва бу билан чақирувни етказиш вақти сезиларли даражада камайишига олиб келди.

Қолаверса, янги тизимни ишга туширилиши билан:
чақириқ манзилига энг яқин бўлган бўш турган тез тиббий ёрдам бригадасига хабар узатиш;
тез тиббий ёрдам машиналари ҳаракатини онлайн кузатиб бориш;
аввал кўп вақт талаб этилган статистик маълумотларни бугунги кунда онлайн олиш;
шифокор овозини автомат шаклда матнга ўгириш;
касалликларнинг кунлик, ойлик ва йиллик динамикаларини кузатиб бориш каби қатор имкониятлар йўлга қўйилди.

Шунингдек, ушбу янги тизимда мурожаатларни қабул қилишдан беморнинг шифохонага жойлаштиришгача бўлган барча жараёнларни тўлиқ назорат қилиш имконияти бор.

Бундан ташқари, юртимиз бўйлаб тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматлари тизимида Сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар ҳам фаолият юритмоқда.

Мутахассислар лозим бўлганида беморларга “тез ёрдам” машинаси етиб келгунича телефон орқали биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича маслаҳат ва кўрсатмалар бериб, беморнинг ҳаётини қутқариб қолишга кўмаклашмоқда.

“103” хизматига мурожаат қилувчиларнинг барчаси ҳам тез тиббий ёрдамга ҳақиқатда муҳтож кишилар бўлавермайди. Айрим ҳолларда сурункали ҳасталиги бор фуқаролар ҳам безовталик ҳис қилса, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилади.

Бундай беморлар оилавий шифокорга ёки уйига яқин бўлган поликлиникага мурожаат қилиши керак. Бунга сабаб бу каби беморларга унинг доимий ҳолатидан бохабар бўлган оилавий шифокори яхши маслаҳат беради ва тўғри муолажа кўрсатади.

Тиббиёт ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига назар соладиган бўлсак, масалан, Данияда чақириқни тажрибали шифокор қабул қилади .

Мутахассис қисқа саволлар орқали беморнинг ҳолатини аниқлаб, заруратдан келиб чиққан ҳолда беморга ўзининг оилавий шифокорига ёки ушбу ҳудуддаги навбатчи шифокорга йўналтиради ёхуд беморга тез тиббий ёрдам бригадасини юборади. Тез тиббий ёрдам бригадасини жўнатгандан навбатчи шифокорни таксида беморнинг уйига жўнатиш давлат учун анча арзон тушади.

Умуман олганда, ривожланган мамлакатларда тез тиббий ёрдам бригадаси ташриф буюрганда 80 фоиздан ортиқ ҳолатда беморларга шошилинч равишда даво чораларини кўриш учун шифохоналарга етказилади.

Бизда эса бу кўрсаткич 15-25 фоизни ташкил этади.
Шундан келиб чиқиб, аҳолига “103” га ҳақиқатан тез ва биринчи тиббий ёрдамга муҳтож, аҳволи оғир беморлар бўлсагина мурожаат қилиш кераклигини тушунтириш зарур. Шунда тез тиббий ёрдам бригадаси янада тез ва сифатли хизмат кўрсатишига эришиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизматини рақамлаштириш орқали ушбу фаолиятнинг сифат ва самарадорлигини ривожланган давлатлардаги даражага кўтаришга бел боғлаганмиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi