Get Mystery Box with random crypto!

​​СВВ: болалар онкология ва гематология соҳасини такомиллаштир | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

​​СВВ: болалар онкология ва гематология соҳасини такомиллаштиришга қаратилган йўл ҳаритаси ишлаб чиқилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлигида онкология ва гематология хизмати соҳасининг болалар саломатлиги борасида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди. Унда вазир ўринбосари Элмира Баситханова, мамлакатимизда фаолият юритаётган болалар онкология ва гематология соҳасидаги бош мутахассислар, ЖССТ экспертлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Дунё миқёсида болалар онкология ва гематология соҳасида мультидисциплинар ёндошувнинг белгиланганлиги, популяцион ва госпитал канцер-регистрларининг мавжудлиги, даволаш протоколларида замонавий молекуляр, цитогенетик текширув ва илик трансплантацисининг қўлланилиши, ўзак хўжайралари банкининг шаклланганлиги, паллиатив ёрдам тизимининг фаолияти йўлга қўйилганлиги болалар ўртасида гематология ва онкология бўйича касалланиш ва ўлим кўрсаткичини 80 фоизгача камайтира олади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айнан гематология ва онкология хизмати соҳасини такомиллаштириш устувор эканлиги белгилаб берилган.
Мамлакатимизда бу йўналишда бир қанча муҳим ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, болаларда ўткир лимфобласт лейкоз касаллигини даволаш бўйича Москва-Берлин протоколи татбиқ этилмоқда.

Шунингдек, Россиянинг Дмитрий Рогачев номли Болалар гематология, онкология ва иммунологияси Миллий тиббий тадқиқот маркази, Германиянинг Шаритэ клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Хозирда болалардаги ўткир лейкозларда халқаро даволаш протоколлари нафақат Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам татбик этилмоқда. Соҳани етук кадрлар билан таъминлаш мақсадида ўнлаб мутахассисларимиз нуфузли халқаро клиникаларда малака ошириб қайтди. Натижада ўткир лимфобласт лейкозларда 5 йиллик яшаш давомийлиги 75 фоиз, ўткир миелобласт лейкозларда — 45 фоизни ташкил этмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги тегишли қарорига асосан Болалар миллий тиббиёт марказида умумлаштирилган болалар гематология-онкология бўлими ташкил этилиб, у ўз фаолиятини йўлга қўймоқда.

Амалга оширилаётган ҳаракатларга қарамай, бу соҳада ечимини кутаётган масалалар талайгина. Мамлакатимизда ҳар йили болалар орасида хавфли гематологик ва онкологик касалликларини аниқланиши ўртача 1100-1200 тага тенг. Ушбу кўрсаткичнинг ўзи ҳам соҳада тизимли ёрдам кўрсатиш жараёнларини халқаро стандартларга мос бўлган туб ислоҳотларни амалга ошириш нақадар муҳим эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Бўлиб ўтган йиғилишда бу борада амалга оширилаётган ишлар самарасини янада ошириш ва халқаро стандартларга мос тизимни яратиш масаласи муҳокама қилинди. Тадбир давомида болалар онкология ва гематология соҳасини халқаро стандартларга мос даражада бўлишини таъминлаш мақсадида йўл ҳаритасини шакллантириш учун ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг таркибига болалар онкологияси ва гематологияси борасида етакчи миллий экспертлар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари, “Ezgu amal” жамоатчилик фонди ҳамда “Zamin” халқаро жамоатчилик фонди вакиллари киритилди.

Биринчи навбатда, юртимизнинг барча ҳудудларида болалар онкология ва гематологияси борасида хизмат ҳолати жойига чиқиб ўрганилади ва натижалар чуқур таҳлил қилиниб, аниқ манзилли ва муддатли тадбирлар жой олган йўл ҳаритаси шакллантирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi