Get Mystery Box with random crypto!

​​“Тез ёрдам”нинг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси 95 | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

​​“Тез ёрдам”нинг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси 95 фоизга етди

Мамлакатимизда шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш, мазкур йўналишдаги ишларнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илм-фан янгиликларини тиббиёт амалиётига кенг татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда “тез ёрдам” хизмати ва тиббиётнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ўртасида интеграцияни кучайтириш ва мувофиқлаштириш ҳам доимий эътиборда. Сўнгги йилларда бир қатор қишлоқ оилавий поликлиникаларида “тез ёрдам” шохобчалари очилди. Жойлашуви бўйича 1500 га яқин бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида “тез ёрдам” машиналарининг мавжудлиги ҳам фикримизнинг далилидир.

Бугунги кунда юртимиз бўйлаб фаолият юритаётган сайёр бригадаларнинг сони 2684 тани ташкил қилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси республика бўйича 95 фоизга кўтарилди. Жумладан, Бухоро ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 100 фоизга, Андижон вилоятида 99 фоизга, Самарқанд вилоятида эса 98 фоизга етган.

Республика бўйича “103” хизматининг ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланганлик даражаси эса 2020 йил охирида 98 фоизга етди. Шундан 11 та ҳудудда ушбу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилмоқда.

Қувонарлиси, “103” хизматида фаолият юритаётган 13 минг нафарга яқин шифокорларнинг 4388 нафари юқори малака тоифасига эга, 2230 нафари 10–20 йиллик, 1818 нафари эса 20 йилдан ортиқ стажга эга.

Мамлакатимиз тез тиббий ёрдам хизмати тизимида 28,4 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари ишлаётган бўлса, уларнинг 39 фоиздан ортиғи малака тоифасига эга. Қолаверса, уларнинг 6155 нафари 5–10 йиллик, 5784 нафари 10–20 йиллик ҳамда 4368 нафари 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi