Get Mystery Box with random crypto!

Ҳурматли опа-сингиллар! Тиббиёт соҳасининг мунис ва мўътабар | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Ҳурматли опа-сингиллар!

Тиббиёт соҳасининг мунис ва мўътабар аёллари!


Мана шундай шукуҳли лаҳзаларда нафосат ва гўзаллик тимсоли бўлмиш Сиз азизларни баҳор фаслининг энг бетакрор ва дилбар айёми — 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этишдан бениҳоя бахтиёрман.

Аёл тимсоли, унинг покиза зийнати ҳар қандай таърифу ташбеҳдан юксак. Бироқ барчамиз сизларнинг сиймоингизда, энг аввало, фидойилик ва куюнчаклик намунасини кўрамиз. Шу билан бирга, меҳрибонлик ва меҳнатсеварлик каби фазилатлар ҳам айнан мунис ва муҳтарама аёлларимизга хос.

Қувонарлиси, тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган қасамёдига содиқ оқ либосли фаришталар, қатъияти юксак опа-сингилларимизда бу эзгу хислатлар бир неча карра кўпроқ мужассам, десак муболаға бўлмайди.

Шу сабабли ҳам минглаб беморлар дардига ширин сўзи ва чексиз меҳри ила шифо улашаётган, хаста кўнгилларга яна ҳаёт қувончини тортиқ этаётган Сиз қалбидарё шифокорлар, меҳрибон ҳамшираларнинг шарафли ва матонатли меҳнатингиз ҳар қандай эътирофу таҳсинга лойиқ.

Қутлуғ айём арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фармони билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ хотин-қизлар сафида тиббиёт тизими фидойиларининг ҳам борлиги соҳада ҳалол меҳнат қилаётган мунис опа-сингилларимиз фаолиятига берилган юксак баҳодир.

Маълумки, бугун юртимизда бирламчи ва малакали тиббий хизмат аҳолининг барча қатламларига бирдек кириб бормоқда. Айниқса, хотин-қизлар саломатлигини асраш, уларга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш Янги Ўзбекистон тиббиётининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Шу маънода, диёримизда 9 миллион нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларга сифатли ва тизимли тиббий хизмат кўрсатишнинг яхлит механизми яратилгани, тиббий бригадалар таркибида доя ҳамшираси штатининг жорий этилгани оналар ва болалар саломатлигини асраш йўлидаги тарихий ўзгаришлардан бири бўлди, дейиш мумкин.

Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, инсон қадрини улуғлаш аввало азизу мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади.

Ҳурматли тиббиёт ходималари!

Юртимизга фасли навбаҳорни бошлаб келган ўзингиздек гўзал ушбу айём билан барчаларингизни яна бир бор самимий муборакбод этиб, оилаларингизга тинчлик, қалбингизга хотиржамлик, ўзингиз ва яқинларингизга мустаҳкам соғлик тилайман.

Умрингиз узоқ, иқболингиз доимо баланд бўлсин!

Беморларга шифо улашаётган қўлларингиз асло дард кўрмасин!


Асилбек ХУДАЯРОВ,
Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи
.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram